Бразилияда амалдаги президент сайловда ғалаба қозонди

Октябрь 26, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 43
Бразилияда амалдаги президент сайловда ғалаба қозонди

БРАЗИЛИА, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Бразилиянинг амалдаги президенти Луис Инасиу Лула да Силва сайловнинг иккинчи турида ўнг қанот номзоди Флавиу Болсонарудан устун келиб, 51,79 фоиз овоз тўплаган ҳолда янги муддатга қайта сайланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

Бразилия Олий сайлов суди маълумотларига кўра, Болсонару 48,21 фоиз овоз олган. Бироқ Болсонару овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортган.

Иккала сайловолди штаби аввалроқ участкаларнинг иш вақтини узайтиришни сўраган бўлса-да, у овоз бериш жараёнининг икки соатга чўзилишини “тушунтириб бўлмайдиган ҳолат” деб атади ва натижаларни бекор қилишга эришиш ниятида эканини маълум қилди.

Лула да Силва учун бу президентлик сайловларидаги тўртинчи ғалабадир. У 2003–2010 йилларда мамлакатни бошқарган ва 2023 йил январь ойида президентлик лавозимига қайтган эди. 4 октябрь куни биринчи турда мағлубиятга учрагач, у оммавий митинглар ва ижтимоий тармоқлардаги фаол қўллаб-қувватлов туфайли сайловолди кампанияси йўналишини ўзгартиришга муваффақ бўлди.

Ғалабага қарамай, президент чуқур сиёсий бўлиниш шароитида фаолият юритишига тўғри келади. Лула мамлакатнинг демократик давридаги энг ўнг қанот вакилларидан иборат деб ҳисобланаётган Конгресс билан ишлашига тўғри келади. Болсонаруни қўллаб-қувватловчи Либерал партия (PL) парламент сайловларида сезиларли муваффақиятга эришди. Бу ҳукуматнинг қонунчилик ташаббусларини қабул қилишни қийинлаштириши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Ташқи сиёсат йўналишида Бразилия Вашингтон ва Пекиннинг Лотин Америкасидаги таъсир доираси учун рақобати фонида АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти билан муносабатларни йўлга қўйиши лозим. Лула да Силва Хитой билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатнинг ички ишларига ташқи аралашувга қарши чиқади.

Амалдаги президентнинг ғалабаси Болсонару ҳокимият тепасига келган тақдирда табиатни муҳофаза қилиш сиёсати заифлашишидан хавотирда бўлган экологик ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Улар номзоднинг отаси Жаир Болсонару президентлиги даврида Амазонкадаги ўрмонларнинг кесилиши ва ёнғинларни мисол қилиб келтиришди.

Сайловолди кампанияси давомида Лула да Силва ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, аҳоли учун имкониятларни кенгайтириш ва сиёсий бўлинишни бартараф этишга ваъда берди. Бироқ парламентдаги консерватив кучлар билан қарама-қаршилик ушбу режаларни амалга оширишни қийинлаштириши мумкин.

 “Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш