Болгария президентни сайлай олмади, сайловларнинг иккинчи тури белгиланди
Октябрь 26, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 140
СОФИЯ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Болгарияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида номзодларнинг ҳеч бири етарли кўпчилик овозни тўплай олмагани боис сайловларнинг иккинчи тури 1 ноябрга белгиланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “DW News”га таяниб.
Бюллетенларнинг қарийб 95 фоизи санаб чиқилгач, амалдаги президент Илияна Ётова 34,6 фоиз, Бош вазир вазифасини бажарувчи собиқ раҳбар Андрей Гюров эса 32 фоиз овоз тўплади. Учинчи ўринни 12,64 фоиз натижа билан Костадин Костадинов эгаллади. Сайловда жами 27 нафар номзод иштирок этди.
Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўплаши талаб этилар эди. Сайловдаги давомат қарийб 22,2 фоизни ташкил этди, бу паст кўрсаткич ҳисобланади. Сайлов участкалари ёпилгач, Илияна Ётова фуқароларни овоз беришда фаолроқ иштирок этишга чақирди.
Иккинчи тур арафасида Андрей Гюров жамоатчиликнинг сайловга қизиқишини ошириш ҳамда сайловчиларга асосий масалалар бўйича ўз позицияларини ва президентлик фаолиятига оид ёндашувларини тақдим этиш мақсадида Илияна Ётовага оммавий дебат ўтказишни таклиф қилди.
Сайловолди кампаниясида Украинадаги уруш билан боғлиқ вазият муҳим ўрин тутди. Октябрь ойида Болгариянинг Қора денгиз соҳиллари яқинида савдо кемалари билан боғлиқ ҳодисалар юз берди – уларга дронлар ҳужум қилгани тахмин қилинмоқда.
Бу ҳолат денгиз хавфсизлиги масаласидаги хавотирларни кучайтирди ва ҳукумат кема қатновини ҳимоя қилишда ёрдам сўраб иттифоқчи давлатларга мурожаат қилди. Ҳар икки номзод ҳужумларни қоралаган бўлса-да, уларнинг урушга бўлган ёндашувлари бир-биридан фарқ қилади.
“EU Today” сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси