Logo

Содиқ Сафоев: Ўзбекистон Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида эътиборсиз қолаётганидан хавотирда

Август 27, 2024. 16:31 • 2 дақ

285
Содиқ Сафоев: Ўзбекистон Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида эътиборсиз қолаётганидан хавотирда

ТОШКEНТ, 27 август. /"Дунё" АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) "Толибон ҳокимияти таъсиридаги Афғонистон – қўшни мамлакатлар ва буюк давлатларнинг муносабати" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир ЖИДУ томонидан Германиянинг Роза Люксембург фондининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда Марказий Осиё давлатлари, Германия, Хитой, Ҳиндистон ва Россиядан етакчи илмий экспертлар ҳамда ЖИДУ профессор-ўқитувчилари, докторантлар, магистрантлар ва талабалар иштирок этди.

Анжуманни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, университет ректори Содиқ Сафоев очиб берди. У ўз нутқида Афғонистон минтақа барқарорлигининг муҳим омили эканини таъкидлади.

"Ўзбекистон ушбу мамлакатдаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида четда қолиб кетаётганидан хавотирда. Афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кенгайтириш ва жаҳон ҳамжамиятининг бу давлатга нисбатан ягона стратегиясини ишлаб чиқиш минтақа ва жаҳон мамлакатларининг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда", - деди Содиқ Сафоев.

Германия элчиси Манфред Хутерер Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшни давлатга мунтазам равишда гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

"Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари Афғонистон барқарор ҳамда фаровон бўлишидан манфаатдор. Аммо халқаро ҳамжамият бу мамлакатдаги вазиятни эътиборсиз қолдирмаслиги керак", дея таъкидлади элчи.

Экспертлар Афғонистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Геосиёсий масалалар ва ушбу мамлакатни минтақавий муносабатлар таркибига киритиш имкониятлари кўриб чиқилди. Афғонистон ҳокимият органларининг минтақавий ва глобал сиёсатдаги етакчи давлатлар билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий муносабатлари масалаларига баҳо берилди.

Тадбирда, шунингдек, минтақавий хавфсизлик тизимидаги янги тенденциялар, муаммолар ва ривожланиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция якунлари бўйича иштирокчиларнинг маърузалари, шунингдек, танлов асосида танлаб олинган тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабаларнинг мақолаларидан иборат монография чоп этиш режалаштирилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш