Таиланднинг Пҳукет оролидаги бинода юз берган ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Ноябрь 16, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 200
Таиланднинг Пҳукет оролидаги бинода юз берган ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

ПҲУКЕТ, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Таиланднинг Пҳукет курорт оролидаги тўрт қаватли бинода ёнғин чиқиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, 16 киши тан жароҳати олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Channel News Asia” порталига таяниб.

Полиция маълумотларига кўра, ёнғин бугун маҳаллий вақт билан соат 3:30 ларда ресторан ва ижарага бериладиган турар жойлар жойлашган тижорат биносида бошланган. Ўт ўчирувчиларга ёнғинни қуршаб олиш ва назоратга олиш учун икки соат вақт керак бўлди.

Қурбонлар орасида Таиланд ва Мянма фуқаролари бор. “Reuters” агентлиги эълон қилган полиция хабарига кўра, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида хорижлик сайёҳлар йўқ.

Ўн олти киши тутундан заҳарланиш ва синган шиша парчаларидан жароҳат олгани сабабли шифохонага ётқизилган. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ёнғин мотоциклларни ижарага бериш пунктида бошланиб, сўнгра бинонинг қолган қисмига тарқалган. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Таиландда санитария меъёрлари ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши, айниқса, барлар ва тунги клубларда талаб даражасида эмаслиги анчадан бери хавотир уйғотиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, шу йил июль ойида Бангкокдаги гавжум барлардан бирида қисқа туташув туфайли содир бўлган ёнғин оқибатида 40 га яқин киши ҳалок бўлган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш