АҚШ “AH-64 Apache” вертолёти ҳалокатидан сўнг Эронга зарба берди

Июнь 10, 2026. 11:30 • 2 дақ

94
АҚШ “AH-64 Apache” вертолёти ҳалокатидан сўнг Эронга зарба берди

ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун тонг саҳарда АҚШ Эрон ҳудудига авиазарбалар йўллади ва Теҳронни Американинг “AH-64 Apache” ҳужум вертолёти ҳалокатига алоқадорликда айблади, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири “AP”га таяниб.

Бунга жавобан, Эрон АҚШнинг Баҳрайн ва Қувайтдаги объектларга ҳужум қилди. Иордания эса Америка кучлари жойлаштирилган Муваффақ Салти авиабазасига отилган Эроннинг бешта ракетасини тутиб олганини маълум қилди.

28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарба беришидан сўнг бошланган можаро кенгайишда давом этмоқда. Бу эса жаҳон иқтисодиётига босим ўтказиб, энергия ташувчилар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини оширмоқда. Апрель ойидаги сулҳни доимий келишувга айлантириш бўйича музокаралар самарасиз бўлди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, Америка Ҳарбий-ҳаво ва Ҳарбий-денгиз кучлари Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қўмондонлик пунктлари ва радиолокацион станцияларига зарбалар берган. Теҳрон Бандар Аббос ва Қешм ороли ҳудудларига ҳужумлар бўлганини тасдиқлади. Вашингтоннинг баёнотига кўра, ушбу операция Америка кучлари ва халқаро кемачиликка қарши сўнгги ҳужумларга жавобан амалга оширилган.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ ҳаракатларига жавоб қайтарилишини ваъда қилиб, Эрон қуролли кучлари “ҳеч бир ҳужум ёки таҳдидни жавобсиз қолдирмаслигини” таъкидлади.

Америкалик расмий манбанинг маълумотига кўра, “AH-64 Apache” вертолёти Ҳурмуз бўғози яқинида Эроннинг учувчисиз аппарати билан тўқнашиб, ҳалокатга учраган. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда ва тўқнашув қасддан содир этилгани ҳозирча аниқ эмас.

Ҳар икки учувчи учувчисиз катер ёрдамидаги қутқарув операцияси давомида қутқариб олинди ва сўнгра вертолётда эвакуация қилинди. Президент Дональд Трамп экипаж аъзолари жабрланмаганини маълум қилди.

“Apache” ҳарбий вертолётларидан АҚШ Эрон нефтининг ташилишини назорат қилишда ва Эрон дронларига қарши операцияларда фаол фойдаланади.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш