Варшавада Ўзбекистон ва Польша савдо-иқтисодий ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
Июнь 10, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 84
ВАРШАВА, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Польша Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда палата президенти Анджей Арендарский, вице-президент Анджей Шумовски ҳамда президент маслаҳатчиси Ярослав Подольски иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Польша томони Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдириб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Музокаралар давомида яқин истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган икки томонлама тадбирлар, бизнес учрашувлар ва делегациялар алмашинуви масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қўшма тадбирлар ва бизнес-миссияларни ташкил этиш, тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш бўйича келишувларга эришилди.
Томонлар мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш ва икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги амалий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси