Дунё океани ҳарорати тарихий рекордни янгилади
Август 25, 2026. 20:55 • 2 дақ
• 370
ЛОНДОН, 25 август. /“Дунё” АА/. Жаҳон океани юзасининг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича 21,1 даражага етиб, 1979 йилдан бери бутун кузатувлар давридаги янги рекордни ўрнатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Copernicus” иқлим хизмати маълумотига таяниб.
Янги кўрсаткич 2024 йилнинг март ойида қайд этилган 21,09 даражалик аввалги рекорддан ошиб кетди. Маълумотлар махсус сузувчи асбоблар (буйлар), кемалар ва сунъий йўлдошлар ўлчовларига асосланган. Улар ёрдамида тахминан 10 метр чуқурликдаги глобал океан ҳарорати ҳисоблаб чиқилади.
“Copernicus” хизмати ушбу рекорд океан ҳароратининг узоқ муддатли ўсиш тенденциясига мос келиши ва Тинч океанидаги Эль-Ниньо ҳодисасининг кучайиши фонида юз бераётганини таъкидлади.
Олимлар эътиборини рекорд ўрнатилган вақт тортди. Одатда, дунё океани ҳарорати Жанубий яримшарда ёз фасли тугаганидан сўнг, март ёки апрель ойларида энг юқори чўққисига чиқади.
“Бу рекорд дунё океани тобора кучайиб бораётган босим остида қолаётганининг яна бир яққол белгисидир”, – деди “Copernicus” директори ўринбосари Саманта Бержесс.
Унинг сўзларига кўра, Эль-Ниньо инсон фаолияти туфайли юзага келган ўн йиллик исиш фонида қўшимча ҳароратни юзага келтирмоқда.
Эль-Ниньо Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида сув сатҳи ҳароратининг кўтарилиши билан кузатилади ва одатда дунё бўйича ўртача ҳароратнинг ошишига олиб келади.
Мутахассислар ушбу ҳодиса таъсири декабрь ойигача янада кучайиши мумкинлигини таъкидламоқда. Саутгемптон Миллий океанография маркази тадқиқотчиси Жереми Гристнинг фикрича, ушбу рекорд 2027 йилнинг март ёки апрель ойларида яна янгиланиши мумкин.
Юқори ҳарорат Европа қирғоқларида ҳам кузатилмоқда. Ла-Манш бўғозининг ғарбий қисмида денгиздаги иссиқлик уч йилдан ортиқ вақт мобайнида деярли узлуксиз сақланиб турибди, июль ойида эса сув ҳарорати меъёрдан қарийб 7 даражага юқори бўлди.
Олимлар аномал иссиқлик тарқалишини иқлим ўзгариши билан боғламоқда. Дунё океани иссиқхона газлари туфайли тўпланаётган ортиқча иссиқликнинг 90 фоиздан ортиғини ўзлаштиради.
Океаннинг исиши экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кучайишига, денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келмоқда ҳамда денгиз экотизимлари ва соҳилбўйи ҳудудларда яшовчи аҳолига қўшимча босим юзага келтирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси