Арманистон Бош вазири мамлакатнинг КХШТдан чиқарилишидан хурсанд бўлишини маълум қилди

Август 24, 2026. 16:30 • 2 дақ

187
Арманистон Бош вазири мамлакатнинг КХШТдан чиқарилишидан хурсанд бўлишини маълум қилди
“Арменпресс” АА сурати

EРЕВАН, 24 август. /“Дунё” АА/. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат яқин беш йил ичида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га қайтиш ниятида эмаслиги ва ташкилотнинг давлатни аъзоликдан чиқариш ҳақидаги қарорини маъқуллашини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Арменпресс” ахборот агентлигига таяниб.

“Агар ташкилот Арманистонни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқаришга қарор қилса, бундан жуда хурсанд бўлардим. Ҳар ҳолда, бу бизни аъзоликдан чиқиш ёки чиқмаслик дилеммасидан халос қилган бўларди”, – деди Бош вазир парламент йиғилишида.

Таъкидлаш жоизки, Арманистон 2024 йил февраль ойида КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйган. Никол Пашинян буни иттифоқчилар 2021–2022 йилларда Коллектив хавфсизлик шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармагани билан изоҳлаган эди.

Июнь ойида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистоннинг икки йилдан буён КХШТ бюджетига аъзолик бадалларини тўламаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ташкилот низомнинг тегишли моддасини қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Шунингдек ўқинг

КХШТ Низомининг 20-моддасига биноан, аъзолик бадаллари бўйича қарз икки йилга чўзилган тақдирда, ташкилот мазкур давлатнинг ҳуқуқларини чеклаши, жумладан, қарз тўлиқ тўлангунига қадар уни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин.

КХШТ таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Ўзбекистон 2012 йилда ташкилотдаги аъзолигини тўхтатган ва ҳозирда унинг аъзоси эмас.

Парламент йиғилишида ҳукумат раҳбари Арманистон ҳукумати яқин орада Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий ариза топшириш жараёнини бошлаши мумкинлигини ҳам маълум қилди. 2025 йил март ойида мамлакат Миллий мажлиси Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

“Арменпресс” АА сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш