Қадимий Толедо шаҳрида таниқли испан ёзувчисининг “Темур учун уч лочин” романи тақдимоти бўлиб ўтди
Май 25, 2026. 16:25 • 3 дақ
• 147ТОЛЕДО, 25 май. /“Дунё” АА/. Испаниянинг қадимий Толедо шаҳрида таниқли испан ёзувчиси Хесус Санчес Адалиднинг “Темур учун уч лочин” асари тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда ушбу давлатдаги ижтимоий-сиёсий ва маданий доиралари вакиллари жам бўлди.
Тақдимотда Толедо архиепископи, Испания қироллик оиласининг узоқ қариндоши Франсиско Серро Чавес, шаҳар мэрияси вакиллари, Қироллик саройининг бош лочинчиси Антонио де Кастро Гарсия де Техада, шунингдек, ўз лочинлари билан ташриф буюрган кичик лочинчилар иштирок этиб, тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тантанали маросим ҳарбий мусиқа ва табрик нутқлари билан бошланди. Шундан сўнг, меҳмонлар 1180 йилда барпо этилган, бугунги кунда католик черкови сифатида фаолият юритаётган тарихий бинога ташриф буюрди. Тадбир ўтказилган маскан рамзий маънога эга бўлиб, у Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўп асрлик маданий алоқаларни яна бир бор намоён этди.
Тақдимот чоғида Хесус Санчес Адалид асарнинг яратилиш тарихи, Ўзбекистонга сафари давомида олган таассуротлари ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ҳақида батафсил сўз юритди. Унинг таъкидлашича, Самарқанд, Бухоро ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарларига қилган сафарлари роман ғоясининг шаклланишида муҳим ўрин тутган.
Муаллиф романни ёзиш ғояси 2024 йилда Ўзбекистонга ташрифидан кейин пайдо бўлганини маълум қилди. У сафар давомида бирламчи тарихий манбалар, Европа йилномалари ҳамда ўша давр дипломатик ёзувларини чуқур ўрганганини айтди.
Асар сюжетида Кастилия қироли Генрих III томонидан Амир Темур саройига юборилган элчилар сафари тасвирланади. Улар Соҳибқирон саройига қимматбаҳо совға – учта қирол лочинини олиб келади. Воқеалар марказида эса ушбу элчиликка ҳамроҳ бўлган ёш лочинчи шогирди Алвареннинг саргузаштлари туради.
Санчес Адалиднинг таъкидлашича, “Темур учун уч лочин” романи XV аср тарихий манбаларига, айниқса, кастилиялик дипломат Руи Гонсалес де Клавихонинг “Амир Темур ҳузурига элчилик” хотираларига асосланган. Асарда нафақат тарихий воқеалар, балки икки цивилизация ўртасидаги маданий ва сиёсий муносабатлар ҳам кенг ёритилган.
Муаллифнинг фикрича, роман Шарқ ва Европа ўртасидаги маданий мулоқот ғоясини илгари суради. Бу мулоқот асрлар давомида шаклланган бўлиб, бугунги глобаллашув даврида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Ёзувчи Амир Темур жаҳон тарихида улкан империя барпо этган, Самарқандни эса ўз даврининг йирик илм-фан ва маданият марказларидан бирига айлантирган давлат арбоби сифатида алоҳида ўрин тутишини қайд этган. Шунингдек, у бугунги кунда халқаро илмий ва маданий доираларда Темурийлар меросига қизиқиш ортиб бораётганини эътироф қилди.
Тадбир давомида келгусидаги маданий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хесус Санчес Адалид Ўзбекистонга яна ташриф буюриш истагини билдирди. Шу билан бирга, у “Темур учун уч лочин” асарини экранлаштириш ва унинг асосида бадиий фильм суратга олиш режалари мавжудлигини маълум қилди. Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, қадимий шаҳарлар меъморчилиги ва Амир Темур сиймоси халқаро кинематография учун катта қизиқиш уйғотади.
Шунингдек, ёзувчи келгусида Мирзо Улуғбек шахси ҳамда Темурийлар даврининг илм-фан ва маданият соҳасидаги юксалишига бағишланган янги тарихий роман устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
Тадбир иштирокчилари мазкур тақдимот нафақат муҳим маданий воқеа, балки Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг бой тарихий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ҳамда икки халқ ўртасидаги ўзаро қизиқишни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







