Хитойдаги кўмир конида сўнгги 16 йилдаги энг йирик ҳалокат оқибатида 90 га яқин киши ҳалок бўлди
Май 23, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 118
ТАЙЮАНЬ, 23 май. /“Дунё” АА/. Хитой шимолидаги Шаньси провинциясида жойлашган кўмир конида газ портлаши оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “South China Morning Post” газетасига таяниб таяниб.
Қайд этилишича, бу мамлакат кўмир корхоналарида 2009 йилдан бери юз берган энг йирик ҳалокат ҳисобланади.
Портлаш 22 май куни кечқурун Цинъюань уездидаги «Liushenyu» конида содир бўлган. Ҳалокат вақтида ер остида 247 нафар ишчи бўлган.
Маҳаллий фавқулодда вазиятлар хизматлари портлаш сабаблари ҳозирда ўрганилаётганини маълум қилди. Шаньси — Хитойнинг энг йирик кўмир қазиб олувчи ҳудуди ҳисобланади.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин расмий идораларни жабрланганларни қутқариш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун бор куч-ғайратини сафарбар этишга, шунингдек, синчковлик билан тергов ўтказиб, айбдорларнинг қатъий жавобгарликка тортилишини таъминлашга чақирди. Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян эса жамоатчиликни тезкор ва аниқ хабардор қилиб боришни талаб этди.
Воқеа жойига умумий ҳисобда 755 нафар аъзодан иборат еттита қутқарув ва тиббиёт гуруҳлари юборилган. Расмий маълумотларга кўра, тирик қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Мазкур кон «Shanxi Tongzhou Group Liushenyu Coal Industry» компанияси томонидан бошқарилади. Кон оператори бўлган ушбу компания раҳбарияти ҳибсга олингани хабар қилинди.
Хитойда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани туфайли 2000 йилларнинг бошидан буён кўмир конларидаги авариялар сони сезиларли даражада камайган, бироқ бу каби фожиалар ҳали ҳам содир бўлмоқда. 2009 йилда Хэйлунцзян провинциясида газ ва кўмир чиқиндиси отилиши натижасида 108 киши ҳалок бўлган, яна 133 киши жароҳатланган эди.
«Reuters» агентлиги фотосурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




