Қадимий Оксфорд университетида Ўзбек тили маркази очилди
Декабрь 26, 2023. 07:25 • 2 дақ
• 817
ЛОНДОН, 26 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси дунёнинг энг қадимий таълим ва тадқиқот муассасаларидан бири Оксфорд университети раҳбарияти билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Музокаралар чоғида Оксфорд университети билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида академик ҳамкорликни йўлга қўйиш, Британия университети қошидаги «Wolfson College» дастурлари асосида таълим ва ихтисослаштирилган йўналишларда мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
«Wolfson College» президенти Марк Хитчинс Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таълим, фан ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. «Тарих, археология, таълим, тиббиёт, физика, математика, муҳандислик каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд. Биз Ўзбекистон Фанлар академияси билан квант физикаси соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз», - деди у.
Оксфорд университети қошидаги «Birso`z» маркази директори Лейла Нажафзода билан кечган мулоқот чоғида мазкур таълим муассасасида ўзбек тилини ўқитиш лойиҳасини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбек тили бўйича дарслар 2024 йил январь ойида 15 нафарга яқин талаба иштирокида бошланади.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан Марказнинг илмий базасини бойитиш мақсадида ўзбек тилидаги зарур адабиётлар ва ўқув материаллари етказиб берилади.
Оксфорд университети қошидаги «Wolfson College» 1965 йилда ташкил топган. Коллеж университетнинг етакчи 3 та олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан келган 700 дан ортиқ талаба гуманитар, табиий ва ижтимоий фанлар бўйича таҳсил олади. Коллеж битирувчилари орасида 3 нафар Нобель мукофоти совриндорлари бор.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди
Нукус ва Самарқанд ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди