“Hello Magyar”: Ўзбекистондаги ислоҳотлар инсон қадрини таъминлаш ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган
Ноябрь 25, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 23
БУДАПЕШТ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Hello Magyar” порталида Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоевнинг “Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва диний бағрикенглик” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидлашича, мамлакатдаги ислоҳотлар инсон қадрини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган.
Иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар илм-фан ҳамда таълимни ривожлантириш, виждон эркинлигини мустаҳкамлаш ва диний бағрикенгликни тарғиб қилиш билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб борилмоқда.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилиниб, кейинчалик янгиланган бўлса, бугунги кунда виждон эркинлиги конституциявий ҳуқуқ сифатида мустаҳкамланган.
Мақоланинг катта қисми Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва Баҳоуддин Нақшбанднинг илмий-маънавий меросига бағишланган. Муаллифнинг сўзларига кўра, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги реконструкция қилинган Имом Бухорий мажмуаси ушбу меросни ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Содиқ Тошбоев ёшларни илм-маърифат, ватанпарварлик ва маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларни бузғунчи ғоялардан, жумладан, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланаётган бир шароитда ҳимоя қилиш муҳимлигини алоҳида қайд этган.
Мақолада Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилаётгани қайд этилган. Бағрикенгликнинг амалий ифодаси сифатида ҳар йили ўтказиладиган Бағрикенглик ҳафталиги, 2023 йилда таъсис этилган “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони (500 дан ортиқ киши тақдирлангани), Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг нишонланиши, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик мактаби сифатида маҳалла эътироф этилган.
Хулоса ўрнида муаллиф бағрикенглик нафақат қонунлар билан, балки инсонлар онгида ҳам қарор топиши кераклигини таъкидлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси