Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сайёҳлар оқимини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди
Ноябрь 25, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 78
ЎШ, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонасида Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларида фаолият юритаётган сайёҳлик компаниялари ва туроператорлар вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош консул Зафарбек Аҳмедов Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, тарихий шаҳарлари, зиёратгоҳлари, миллий анъаналари, гастрономик ва экологик туризм имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Иштирокчилар Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Шаҳрисабзнинг сайёҳлик имкониятлари, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Мансур Мотуридий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом ал-Бухорий мажмуалари билан таништирилди.
Қирғизистон вакиллари учун туризм соҳасидаги ислоҳотлар, 25–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва инвестиция форуми тақдимоти намойиш қилинди.
Учрашувда Қирғизистоннинг Иссиқкўл, Сўнкўл, Бишкек, Ўш ва бошқа ҳудудлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда қўшма маршрутларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Хизматлар нархи ва сифати, транспорт-логистика имкониятлари ҳамда гуруҳларни шакллантириш бўйича таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Жумладан, Ўзбекистонда тоғ ва тоғолди ҳудудлари (Иссиқкўл, Сўнкўл, Арслонбоб, Чотқол) учун ишлаб чиқарилаётган туристик капсула-уйларни Қирғизистон бозорига олиб кириш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари билан транспорт алоқасини яхшилаш, хусусан, Урганч–Фарғона тўғридан-тўғри қатновларини тиклаш ва тезюрар поездлар йўналишларини кенгайтириш, Тошкент–Ўш–Тошкент рейслари сонини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, Боймоқ–Косонсой ўтказиш пунктининг тун-у кун ишлашини таъминлаш ҳамда учинчи давлатлар фуқароларининг Қора-Бағиш–Мингтепа пункти орқали чегарани кесиб ўтиш имкониятларини кенгайтириш таклиф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси