2083 йилга бориб одамсимон роботлар Ер юзи аҳолиси сонидан ошиб кетиши мумкин
Ноябрь 14, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 149
ЛОНДОН, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. Муайян шароитларда 2083 йилга бориб дунёдаги одамсимон роботлар сони Ер юзи аҳолиси сонидан ошиб кетиши ва 10 миллиарддан ортиқни ташкил этиши мумкин, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда Милан, Эксетер ва Рокфеллер университетлари олимларининг қўшма тадқиқотида маълум қилинган.
Тадқиқотчилар математик модель ишлаб чиқиб, робототехника ривожланишининг 4 мингдан ортиқ эҳтимолий сценарийсини кўриб чиққан. Унга кўра, анъанавий ишлаб чиқариш моделида одамсимон роботлар сони 2025 йилдаги тахминан 100 мингдан 2050 йилга бориб 1 миллиардгача кўпайиши мумкин.
Агар роботлар янги машиналарни ишлаб чиқаришда мустақил иштирок эта олса, янада шиддатли ўсиш кузатилиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, етарли миқдорда электр энергияси ва зарур бутловчи қисмлар мавжуд бўлган тақдирда, бу тахминан 2083 йилга бориб роботлар сонининг одамлар сонидан ошиб кетишига олиб келиши мумкин.
Таққослаш учун, БМТнинг “Жаҳон аҳолисининг истиқболлари – 2024” ҳисоботига кўра, сайёрамиз аҳолиси 2080-йилларнинг ўрталарида ўзининг энг юқори кўрсаткичи – қарийб 10,3 миллиард кишига етади ва шундан сўнг қисқара бошлайди.
Шу билан бирга, олимлар гап кафолатланган прогноз эмас, балки назарий сценарий ҳақида бораётганини таъкидлаган. Улар роботларнинг сон жиҳатидан устунлиги ўз-ўзидан уларнинг ижтимоий, сиёсий ёки иқтисодий жиҳатдан ҳукмронлигини англатмаслигини қайд этган.
“CNS” сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси