Қатар компанияси Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширади
Ноябрь 24, 2023. 09:36 • 2 дақ
• 382
ДОХА, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси ходимлари «Qatar National Cement» компанияси бош ижрочи директори Эсса Калдари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув чоғида Ўзбекистон Президентининг шу йил 1-2 октябрь кунлари Қатарга амалга оширган давлат ташрифи ва мазкур компания раҳбариятининг мамлакатимизга ишчи сафари давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, «Qatar National Cement» компанияси ва «Шах Полан» корхонаси ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида йилига 130 минг тонна қурилиш оҳаги ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш ҳисобига 1,2 миллион тонна юқори маркали цемент ҳамда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланган. Шунингдек, «Аржун Инвестмент» компанияси билан Ангрен шаҳрида «Ангрен Каолин» корхонасининг қувватларини кенгайтириш ҳисобига йилига 110 минг тонна бойитилган каолин ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришилган.
Музокаралар якунида «Qatar National Cement» компанияси томонидан йил якунига қадар мазкур лойиҳалар бўйича барча ўрганиш ишларини якунлаш ва 2024 йил январь ойида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишларини бошлашга келишиб олинди.
«Qatar National Cement» компанияси 1965 йилда ташкил этилган. Корхонанинг йиллик даромади 1 миллиард АҚШ долларига тенг. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш корхоналарида 2 минг кишининг доимий бандлиги таъминланган. Компаниянинг йиллик цемент ишлаб чиқариш қуввати 6 миллион тоннага тенг. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган цемент Қатарнинг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжининг 85 фоизини қоплайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси