Ўзбекистон – Туркия иқтисодий ҳамкорлигининг янги устувор йўналишлари белгилаб олинди

ТОШКЕНТ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон–Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан эришилган келишув асосида ташкил этилган ушбу янги механизм икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Кенгашнинг биринчи йиғилиши доирасида ўтказилган бизнес форумида 200 дан зиёд тадбиркорнинг фаол иштирок этгани ўзаро шерикликни кенгайтиришга бўлган юксак қизиқишдан далолат бериши қайд этилди.
– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2017 йилдан буён иқтисодиётимиз уч баробарга ўсди, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди. Ушбу жараёнда бизга доим елкадош бўлиб келаётган стратегик шеригимиз – Туркия билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади, – деди Президентимиз.
Давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш мақсадида қатор устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Хусусан, тоғ-кон саноати ва “яшил” энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, органик ўғитлар ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар қуриш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, шунингдек, маҳсулот етиштиришдан уни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган яхлит қиймат занжирини шакллантиришда ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Электротехника саноати мамлакатимизда энг жадал ривожланаётган тармоқлардан бири экани таъкидланди. Туркия компаниялари мисни чуқур қайта ишлаш, электроника маҳсулотлари, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар билан кооперацияни кенгайтиришга таклиф этилди.
“Янги Тошкент” мегалойиҳаси доирасида замонавий тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар барпо этиш, шунингдек, пулли автомобиль йўллари ва логистика марказларини ривожлантиришда турк сармоядорларининг иштироки олқишланди.
Мамлакатимизда тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, фармацевтика соҳасида кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани билдирилди. Туркиялик инвесторлар мазкур йўналишда ҳам яқин ҳамкорликка таклиф қилинди.
Туркия компаниялари билан давлат-хусусий шериклик асосида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ушбу мамлакат банклари, инвестиция фондлари ва йирик саноат корхоналари хусусийлаштириш жараёнлари ҳамда давлат-хусусий шериклик дастурларида фаол иштирок этишга чақирилди.
Шунингдек, автомобилсозлик, энергетика, сунъий интеллект ва дастурий таъминот соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, банк секторидаги ислоҳотларда иштирок этиш таклиф қилинди.
Ўзбекистонда сармоядорлар учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, махсус иқтисодий зоналарда кенг имтиёзлар бериш сиёсати изчил давом эттирилиши билдирилди.
– Биз бундан буён ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттирамиз, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.
Йиғилишда кенгаш ҳамраислари – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ҳам сўзга чиқдилар.
Туркия компаниялари раҳбарлари Президентимиз билан мулоқот чоғида уларнинг фаолиятига яратилаётган кенг имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда амалга ошираётган лойиҳалари ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб бердилар, ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини баён қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси