Покистонлик тадбиркорлар Зомин туманида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширади
Апрель 24, 2025. 19:26 • 2 дақ
• 140
ЗОМИН, 24 апрель. "Дунё" АА/. Жиззах вилоятининг Зомин туманида ўтказилган "Жиззах-2025" халқаро бизнес-форумида Покистон ишбилармон доиралари вакиллари фаол қатнашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Покистон делегацияси таркибида фармацевтика, тўқимачилик, тери саноати, тайёр кийим-кечак, гугурт ишлаб чиқариш, кимё саноати ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи етакчи компаниялар вакиллари юртимизга келди.
Форумнинг биринчи кунида Покистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида "G2B" ва "B2B" шаклларида учрашувлар ташкил этилди. Уларда қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг "Ideal Textile Orzu" компанияси "Diners" компанияси билан бизнес алоқаларини ўрнатиш, Покистонга ярим тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишиб олди.
Шунингдек, Ўзбекистонда уй текстили ва чойшаб маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш борасида томонларнинг аниқ режалари мувофиқлаштирилди.
Зомин тумани ҳокимлиги раҳбарияти ва Покистоннинг "Fazal Cloth Mill" компанияси ўртасида бўлиб ўтган музокараларда туманда тўқимачилик корхонасини ташкил этиш, майда шоҳли қорамол кўплигини инобатга олиб, тери ва жунни қайта ишлаш, ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек,"Fatima Group" компанияси билан Зомин тумани тоғ ҳудудида экотуризм объектларини ташкил этиш, "Broadpeak" компанияси билан эса туманида 50 ўринли замонавий меҳмонхона қуриш лойиҳасига инвестиция киритиш масалалари кўриб чиқилди.
"Getz Pharma", "Herbion Naturals" ва "Glitz Pharma" фармацевтика компаниялари билан Зоминда етиштирилган доривор ўсимликлар экспортини йўлга қўйиш, яқин истиқболда импорт ўрнини босувчи дори воситаларини ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, Жиззах вилоятида тиббий ходимларни ўқитиш ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш, туман ҳудудидаги махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда фитотерапия ва доривор ўсимликлар бўйича ўқув курсларини уюштиришга келишилди.
Маҳаллий маҳсулотларни сақлаш ва экспорт қилишга йўналишида Покистоннинг "TPBS" компанияси билан Зомин туманида замонавий совитиш омбори ва логистика марказини қуриш ташаббуси илгари сурмоқда.
Покистонлик тадбиркорлар учун Жиззах вилоятининг инвестиция салоҳияти, ер майдонлари, саноат зоналари, мавжуд имтиёзлар ва инфратузилма имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси