Ўзбекистон давлат байроғи – тарих, миллий қадриятлар ва келажакка ишонч тимсоли
Ноябрь 18, 2026. 20:30 • 3 дақ
• 52ИСЛОМОБОД, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатлар, уларнинг оила аъзолари, ватандошлар ва Покистон ОАВ вакиллари қатнашган тадбир аввалида элчихона ҳовлисида байроқ кўтариш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев иштирокчиларни давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги билан табриклади. У 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган байроғимиз – мустақиллик, тинчлик, бирлик ва тараққиёт йўлидаги қатъий иродамизни ифода этувчи муқаддас миллий рамз сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.
Ўзбекистон байроғининг тарихий аҳамияти, унинг ранг ва белгиларининг маъноси ҳақида маълумотлар берилди. Ушбу рамз халқимизнинг шаън-шуҳрати, фаровон келажакка ишончи ва миллий ғурури тимсоли экани қайд этилди.
“Байроғимиз мамлакатимиз суверенитети, халқимиз бирдамлиги ва миллий ғуруримиз тимсоли сифатида қадрланади. У расмий тадбирлар ва халқаро анжуманларда юртимизни намоён этса, спорт мусобақаларидаги ғалабалар орқали Ўзбекистон номини дунёга танитади. Айниқса, спортчимиз шоҳсупага кўтарилиб, байроғимиз баланд ҳилпираган, мадҳиямиз янграган лаҳзаларнинг қадри ўзгача. Бу манзара ортида йиллар давомидаги машаққатли меҳнат, мураббийлар фидойилиги, ота-оналарнинг ишончи ва бутун халқнинг қувончи мужассам”, – деди элчи.
Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги бош муҳаррири Шамс Аббаси Ўзбекистон байроғи мамлакат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг рамзи эканини таъкидлади.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги жадал ўзгаришлар, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, хусусан, спорт соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар Ўзбекистон байроғини жаҳондаги таниқли давлат рамзларидан бирига айлантирмоқда. Ўзбекистон ёшлари, спортчиларининг йирик мусобақалардаги муваффақиятлари аввало давлат байроғига ҳурмат бажо келтириш билан нишонланмоқда”, – деди Шамс Аббаси.
Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм элчиси Ҳамид Маҳмуд Чаудри давлат рамзлари, жумладан, байроқнинг мустақиллик, миллий ғурур ва халқ бирлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. У Ўзбекистон ва Покистон халқларини асрлар давомида шаклланган тарихий, диний ва маданий ришталар боғлаб туришини алоҳида таъкидлади.
Покистондаги ватандошимиз Дилбар Мирзаева давлат байроғи ва унинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритиб, давлат байроғи – бу шунчаки рамз эмас, бу тимсолда халқимизнинг тарихи, миллий қадриятлари, орзу-умидлари ва келажакка бўлган ишончи мужассам эканини билдирди.
Айниқса, хорижда яшаётган ватандошларимиз учун Ўзбекистон байроғи алоҳида маънавий аҳамиятга эга экани, уни кўрганда кўз олдимизда Ватан, ота-она, туғилиб ўсган юрт ва қадрдон халқ гавдаланиши эътироф этилди.
Тадбир сўнггида Покистонда яшаётган ватандошлар ва уларнинг фарзандлари томонидан давлат рамзлари, хусусан, байроғимизга бағишланган шеърлар ўқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


