Logo

Хитой компаниялари Хоразм вилоятида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширади

Май 30, 2025. 13:20 • 55 сония

91
Хитой компаниялари Хоразм вилоятида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширади

ШАНХАЙ, 30 май. /"Дунё" АА/. Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов бошчилигидаги делегациянинг Шанхай шаҳрига сафари доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида бизнес-симпозиум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир қатнашчиларига Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, мавжуд инфратузилмавий имкониятлар, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берилди.

 Шунингдек. қишлоқ хўжалиги, қурилиш, "яшил" энергетика, тўқимачилик, туризм, электроника ва биофармацевтика каби устувор соҳаларда ўзаро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Хитой компаниялари вакиллари Хоразм вилояти билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдиришди. Шунингдек, улар ўзларини қизиқтирган саволларига Хоразм вилояти мутасаддиларидан батафсил жавоб олдилар.

Тадбир давомида манфаатдор хорижий компаниялар вакиллари билан G2B шаклида учрашувлар бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари ва Хоразм вилоятида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш шартлари хусусида фикр алмашилди.

Музокаралар натижасида томонлар бир қатор истиқболли инвестиция ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича келишиб олдилар.

Бундан ташқари, жойлардаги шароит ва салоҳиятни батафсил ўрганиш мақсадида июнь ойининг биринчи ярмида Хитойнинг етакчи компаниялари вакилларининг Хоразм вилоятига сафарини ташкил этиш режалаштирилди.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш