Ўзбекистонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда иссиқхона газларини камайтиришга қаратилган пилот лойиҳани амалга ошириш бошланди
Сентябрь 28, 2023. 15:01 • 2 дақ
• 180
СЕУЛ, 28 сентябрь. /«Дунё» АА/. Сеулда Корея Республикаси ва ҳамкор давлатлар ўртасида иссиқхона газларини камайтиришга қаратилган лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Корея Республикаси савдо вазири Ан Дук Гын раислигида бўлиб ўтган тадбирда Корея савдо ва инвестицияларни ривожлантириш агентлиги (KOTRA) президенти Ю Жонг Ёль, Корея энергетика агентлиги (КЕА) раиси Ли Сан Хун, Вьетнам элчиси, шунингдек, лойиҳаларни амалга оширувчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Корея Республикаси савдо вазири ўзининг табрик нутқида глобал даражада иссиқхона газлари эмиссиясини нолга тенглаштириш бўйича халқаро ҳамкорлик муҳимлигини, шунингдек, Жанубий Кореянинг шу муаммони бартараф этиш борасидаги сиёсати ва бу йўналишда ҳамкор давлатлар билан ҳамкорликни қайд этди. У Ўзбекистон ва Вьетнам ҳамкор давлатлар сифатида танланганини, улар билан биргаликда пилот лойиҳалар амалга оширилишини таъкидлади. Вазир Жанубий Корея компанияларининг илғор технологияларини жорий этган ҳолда ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдирди.
Тадбирда, шунингдек, Корея Иқлим ўзгариши институти (KICC Inc.) президенти Шин Ёнг Вон ҳам маъруза қилди. У Ўзбекистонда ғишт заводида анъанавий ёқилғидан био-пеллетларга ўтиш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича 1,6 миллион долларлик тажриба лойиҳасини тақдим этди. У компания қизилмия чиқиндиларидан асосида био-пеллетлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида иштирокчиларга маълум қилди. 10 йил давомида амалга ошириладиган лойиҳа доирасида зарарли ва чиқинди газлари чиқиндилари 10,74 минг тонна эквивалентга камайтириш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси