Ўзбекистон ва Иордания етакчилари қўшма кўргазма билан танишди
Ноябрь 24, 2026. 19:57 • 2 дақ
• 41
ТОШКЕНТ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Иорданияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Аммон шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон – Иордания” кўргазмасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентига Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ҳамроҳлик қилди.
Кўргазмада икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик салоҳияти, тоғ-кон саноати ҳамда геология, кимё, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, транспорт ва логистика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика ҳамда мудофаа саноати каби устувор йўналишларга бағишланган бўлимлар ташкил этилган.
Етакчиларда барча тармоқлар бўйича Ўзбекистон ва Иорданиядаги истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди. Бу икки мамлакат инвесторларига сармоя киритиш мумкин бўлган манфаатли лойиҳалар билан бевосита танишиш имконини берди.
Стендларда минерал хомашё ва базальт маҳсулотлари, ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, калава ип, мато ва тайёр кийимлар ҳамда дори воситалари намуналари намойиш қилинмоқда.
Икки мамлакат йирик компаниялари вакиллари қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан ахборот берди.
Кўргазма Ўзбекистон ва Иорданиянинг етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни мустаҳкамлаш, илғор тажриба ва замонавий технологиялар алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси