Logo

2025 йил 1 июндан эътиборан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги битим кучга киради

Май 13, 2025. 17:42 • 2 дақ

1326
2025 йил 1 июндан эътиборан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги битим кучга киради

ТОШКЕНТ, 13 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим (Чэнду, 2024 йил 1 декабрь) кучга кириши учун давлат ички процедуралари якунланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, кўрсатилган халқаро шартноманинг қоидаларига биноан, битим 2025 йил 1 июндан эътиборан кучга киради.


Битим Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг икки давлат ҳудудига ўзаро визасиз сафарларига доир масалаларни тартибга солади.


Ҳужжатга мувофиқ, томонлар давлатлари фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати 30 кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади.


Бунда томонларнинг давлатлари ҳудудига ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги лозим.


Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолишлари керак бўлса, улар кириш визасини олдиндан олишлари лозим.


Визасиз режим меҳнат фаолияти, ўқиш ва медиа фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, бошқа Томон ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга нисбатан татбиқ этилмайди.


Ушбу битим Хитойнинг  Гонгконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига ташриф буюришга нисбатан амал қилмайди.


Кўрсатиб ўтилган халқаро шартноманинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.


Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 декабрь куни Чэнду шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Ван И ўзаро виза талабларидан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолаган эдилар.


"Дунё" АА архивидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш