Logo

Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзоладилар

Декабрь 02, 2024. 10:33 • 2 дақ

2333
Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзоладилар

ТОШКЕНТ, 2 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзоладилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

"Ўзбекистон ва Хитой Давлат Раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида бугун ҳамкасбим билан биргаликда фуқароларимизга икки мамлакатга 30 кун давомида визасиз саёҳат қилиш имконини берувчи Битимни имзоладик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. – Бу ҳужжат алоқаларимизни янада фаоллаштириш, савдо айланмасини ошириш ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир".

ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти ва Хитой Раиси ўртасидаги келишувга асосан, 2024 йил 1 декабрь куни Чэнду шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан Ўзбекистон Ҳукумати билан Хитой Ҳукумати ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги Битим имзоланди.

Мазкур халқаро шартнома Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг икки давлат ҳудудларига ўзаро визасиз сафар қилишларига доир масалаларни тартибга солади.

Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.

Мазкур халқаро шартнома томонлар зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажарганидан сўнг кучга киради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш