ТИВда Россия элчиси билан учрашув ўтказилди
Май 03, 2025. 16:31 • 2 дақ
• 396
ТОШКЕНТ, 3 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов кеча Россия элчиси Олег Мальгинов билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг устувор йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини келишиб олдилар.
Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидладилар: ҳар йили консуллик масалалари юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, миграция соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган: Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлаш учун ташкилий жалб этиш масалаларини тартибга солиш юзасидан икки томонлама ишчи гуруҳ ҳар ой мунтазам йиғилишлар ўтказмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувларфуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, консуллик хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга, шунингдек меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди. Буларга фуқароларнинг жўнаб кетишидан олдинги тил ва касбий тайёргарлик, рухсат бериш тартиб-таомилларининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга ошириш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш каби масалалар киради.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Россия томонининг эътиборини Россия Федерациясида Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётган хабарларга қаратди.
Бундай ҳолатлар Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг икки мамлакат ҳудудидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро таъминлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.
"Дунё" АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ЕИ билан фуқароларимиз учун виза тартибини соддалаштириш бўйича музокара ўтказди