Logo

2027-2029 йилларда Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади

Январ 22, 2024. 09:20 • 52 сония

218
2027-2029 йилларда Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади

ТОШКЕНТ, 22 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бошчилигидаги делегация 19-20 январь кунлари Уганда пойтахти Кампала шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-саммитида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, тадбирда 100 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан, давлат, ҳукумат, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.

Учрашувда халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, глобал миқёсда тинчлик ва барқарорлик ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашда Қўшилмаслик ҳаракатнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракати раислигига Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлаганликлари учун Ҳаракатнинг барча аъзоларига миннатдорлик билдириб, иштирокчиларни Ўзбекистонда жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий ва молиявий тизимларни такомиллаштириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Илм-фан ва инновацион технологиялар соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни кучайтириш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш