Logo

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан август ойида Ўзбекистон делегацияларининг хорижга 60 га яқин ташрифлари ишлаб чиқилди

Сентябрь 04, 2025. 12:20 • 3 дақ

84
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан август ойида Ўзбекистон делегацияларининг хорижга 60 га яқин ташрифлари ишлаб чиқилди

ТОШКЕНТ, 4 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида август ойида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Қайд этилганидек, август ойи Ўзбекистон ташқи сиёсий ҳаётида алоҳида динамика, самарали музокаралар ва халқаро майдондаги фаол ташаббусларга бой тарзда ўтди. 

Ўтган ой давомида мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолияти изчил давом эттирилиб, халқаро майдондаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Шу давр мобайнида юртимизга 40 дан ортиқ юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Ўзбекистон делегацияларининг эса хорижга 60 га яқин ташрифлари ишлаб чиқилди.

Хусусан, 19-21 август кунлари Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация Баҳрайн ва Қатарга ташриф буюрди.

Ташрифлар доирасида делегация Баҳрайн ҳукумати раҳбарлари ва вазирлик вакиллари, шунингдек, мамлакат ишбилармон доиралари билан музокаралар ўтказди бўлса, 21 август куни Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Қатар Амири томонидан қабул қилинди, мамлакатларимиз ўртасида Стратегик шериклик бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ТИВ раҳбари мамлакатимизда бўлиб ўтган ташрифлар доирасида қатор хорижий делегациялар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан самарали мулоқотлар ўтказди.

Жумладан, мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такеши билан вазирликлар ўртасида Стратегик мулоқот бўйича қўшма коммюнике имзоланди. Ушбу ҳужжат сиёсий ва иқтисодий алоқалардан тортиб, таълим ва гуманитар соҳаларгача бўлган барча йўналишларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

28 август куни Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари АҚШ Президентининг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли билан учрашув ўтказди. Шунингдек, ўтган ой мобайнида ТИВда Дания, Украина,Тожикистон, Франция, Латвия каби қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари қабул қилинди.

Бундан ташқари, Иордания Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриантлар масалалари бўйича вазири Айман Сафади, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан, ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқотлар ўтказилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан 26 август куни Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг илк учрашуви бўлиб ўтди.

Халқаро муносабатларимизнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида эса 24 халқаро шартнома ва ҳужжатлар имзоланди. Масалан, 26 август куни кўҳна Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Иордания ўртасида Виза талабларини бекор қилиш тўғрисида битим имзоланди ва ҳужжат 30 кун ичида кучга киради. Эндиликда фуқароларимиз 25 сентябрдан бошлаб Иорданияга визасиз саёҳат қилишлари мумкин.

Консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида 12000 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди, чет элда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 1048 нафар юртдошимизни иш билан таъминлашга кўмаклашилди. Шунингдек, моддий жиҳатдан оғир вазиятга тушиб қолган 812 нафар фуқаромизга жами 385281 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам берилди, вақтинча сақлаш муассасаларида бўлган 125 нафар фуқаро озод қилинди. Мураккаб шароитдаги ишсиз, вояга етмаган ёки боқувчисиз қолган 390 нафар юртдошимиз, шунингдек, одам савдоси қурбони бўлган 31 нафар фуқаро Ватанга қайтарилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш