Бухорода Самарқанддаги «Боқий шаҳар»га ўхшаш тарихий-этнографик боғ барпо этилади
Октябрь 03, 2023. 15:13 • 59 сония
• 77
МОСКВА, 3 октябрь. /«Дунё» АА/. «РИА Новости» ахборот агентлиги томонидан «Бухоронинг сайёҳлик жозибадорлиги» сарлавҳали мақола тарқатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Кўҳна Бухорода яқин кунларда Самарқанддаги «Боқий шаҳар»га ўхшаш тарихий-этнографик боғ барпо этиш режалаштирилган, - дейилади мақолада. - Бугунги кунда Бухоро вилоятида 183 та сайёҳлик объекти мавжуд бўлиб, уларнинг 132 таси тарихий ва маданий обидалар, 21 таси экология ва қишлоқ хўжалиги марказлари, 14 та ҳунармандчилик марказлари, тўртта вино дегустациялари масканларидир».
«РИА Новости»да Бухоро шаҳрида ҳар йили «Ипак ва зираворлар», «Зардўзлик ва заргарлик буюмлари» каби фестиваллар ўтказилиши ҳамда гастрономик туризм кенг ривожланаётгани маълум қилинди.
«Эски шаҳардаги деярли барча ресторанларда миллий таомлар сайёҳларга таклиф қилинади, – дейилади мақолада. – Бухорода кўпайиб бораётган россиялик сайёҳлар илтимосига кўра, меҳмонхоналар нафақат нонушта, балки созандалар, хонандалар ва раққосаларнинг чиқишлари ҳам уюштирмоқда».
Агентлик, шунингдек, жорий йилнинг ўзида Бухорода 15 та янги маҳаллий сайёҳлик ташкилоти очилгани, гидлар сони айни пайтда уч юздан кўпроқни ташкил этишини қайд этган.
«Сиз Россиянинг бир қанча шаҳарларидан, жумладан, Москва, Нижний Новгород, Қозондан тўғридан-тўғри рейслар орқали Бухорога учишингиз мумкин. Чипта нархи бир томонга ўртача 13 минг рублни ташкил қилади, чегирмалар ҳам мавжуд», – деб ёзган «РИА Новости» томонидан эълон қилинган мақола интиҳосида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди