Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 31-сессияси доирасидаги Парламентлараро иттифоқ йиғилишида иштирок этмоқда
Ноябрь 18, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 23
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Парламентлараро иттифоқ йиғилишида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси таркибида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев ҳамда Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Жамила Бобаназарова иштирок этмоқда.
Олий Мажлис юқори палатаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, йиғилишда глобал иқлим мажбуриятларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашишда амалий натижадорликни таъминлаш ҳамда ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, иқлим сиёсатида парламентларнинг масъулияти ва етакчилик ролини кучайтириш, қабул қилинаётган қарорларга нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда миллий қонунчиликни такомиллаштириш шулар жумласидандир.
Сенатор Анвар Тўйчиев йиғилиш доирасидаги семинарда қилган маърузасида иқлим ўзгаришига қарши курашишда илм-фан ютуқларидан фойдаланиш, сиёсий қарорларни илмий асосда қабул қилиш ва самарали иқлим сиёсатини шакллантириш масалаларига урғу берди.
Шунингдек, семинарда чиқиндиларни камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, “Ноль чиқинди” тамойилини жорий этиш, айланма иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда метан чиқиндиларини қисқартириш бўйича зарур чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси