«India Blooms»: Ўзбекистон биринчи марта ЮНВТО Бош ассамблеясининг сессиясига мезбонлик қилади
Сентябрь 27, 2023. 11:44 • 2 дақ
• 154
ДEҲЛИ, 27 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «India Blooms» ахборот агентлиги 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтиши ҳақида мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг оилавий тизимида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган муҳим тадбир – ЮНВТО Бош Ассамблеясининг сессиясига мезбонлик қилади, - деб ёзган агентлик. - Тадбирда 160 га яқин мамлакатдан давлат ташкилотлари раҳбарлари ва туризм соҳаси вакиллари, шунингдек, халқаро бизнес корпорациялар етакчилари иштирок этади».
ЮНВТО Бош ассамблеяси сессиясининг Ўзбекистонда ўтказилаётгани мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеини ошириш, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини юксалтириш учун янги имкониятлар очади, дейилади мақолада.
Материалда Бош ассамблея сессияси доирасидаги йиғилишлар ва бошқа қатор йирик тадбирларда туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши қайд этилган.
«Хусусан, Инвестиция форумида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги сармоявий салоҳияти юқори бўлган объект ва лойиҳалар йирик хорижий инвесторларга тақдим этилади, – деб урғулаган мақола муаллифи. – Мамлакатга мақсадли сармояларни жалб этиш бўйича қатор муҳим бизнес шартномалари имзоланиши кутилмоқда. Форум манфаатдор томонлар, соҳа раҳбарлари ва инвесторларни туризм соҳасидаги имкониятларни ўрганиш учун бирлаштиради ва мамлакатда яратилган қулай сармоявий муҳитни намойиш этишга қаратилган».
Агентлик ўқувчилари эътибори ЮНВТО Бош Ассамблеяси сессияси доирасида бўлиб ўтадиган Таълим форуми туризм соҳасида таълим тизимига сармоя киритиш, тармоқ ходимларининг малакасини ошириш ва барча учун инклюзив имкониятлар яратиш муҳимлигини намойиш этишига қаратилган.
Тадбирда ҳар бир соҳадаги энг сўнгги ишланмалар, жумладан, ЮНВТО томонидан ўрта, олий ва бошқарув таълими бўйича етакчи академик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилган ташаббуслар, қатор инновацион таълим воситалари ва халқаро барқарор туризм соҳасидаги янги фанларни ўқитиш истиқболлари намойиш этилади.
«Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессиясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг маданий, сайёҳлик, сармоявий ва интеллектуал салоҳияти билан дунёни кенг таништиради, мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо-сотиқ, туризм ва маданият соҳаларидаги халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», - деб таъкидланади «India Blooms» томонидан тарқатилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси