“SEE News”: Конституция Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик дастурига айланган
Ноябрь 23, 2026. 19:00 • 3 дақ
• 21
ҚОҲИРА, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли “SEE News” ахборот порталида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шўба мудири Баҳодир Исмоиловнинг Ўзбекистон Конституциясига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мамлакатдаги демократик ислоҳотларни мустаҳкамлаб, очиқлик ва прагматизм йўналишини конституциявий нормага айлантирди.
Муаллифнинг фикрича, Конституция стратегиянинг ўрнини босмайди, аксинча, унга мустаҳкам асос яратади, яъни халқаро вазиятда қандай ўзгаришлар юз бермасин, қайси мақсадлар қатъий ва ўзгармас бўлиб қолишини белгилаб беради.
Мамлакат ташқи сиёсатида тинчликпарварлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Конституциянинг 18-моддасида икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат, 17-моддасида давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар дахлсизлиги ҳамда ички ишларга аралашмаслик қоидалари мустаҳкамлаб қўйилган.
Нашрда ўн йилликнинг асосий ютуғи сифатида қарама-қаршиликка эмас, балки мулоқотга асосланган минтақавий сиёсат эътироф этилган. Конституция дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини узоқ муддатли стратегик устувор вазифа сифатида белгилаб берди.
Бу сув-энергетика мувозанати, экология, транспорт боғлиқлиги, савдо ва хавфсизлик масалаларини биргаликда ҳал этишга хизмат қилади ҳамда ҳамкорлар учун Тошкент сиёсатининг олдиндан аниқ ва равшан бўлишини кафолатлайди.
Материалда хориждаги фуқароларнинг ҳимоясига ҳам тўхталиб ўтилган. Давлат ўз фуқароларига мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳимоя ва ҳомийликни кафолатлайди. Ташқи ишлар вазирлиги ва чет элдаги муассасалар учун бу ҳар бир ватандошнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сўзсиз устувор вазифа эканини англатади.
Баҳодир Исмоиловнинг қайд этишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчилик амбициялари орқали эмас, балки олдиндан кўра билиш мумкин бўлган сиёсат, ўзаро ишончни қўллаб-қувватлаш ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини илгари суриш орқали масъулиятли “ўрта куч” (middle power) тизимига интилмоқда.
Бунда “C5+” форматидаги платформалар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатига бўлажак раислиги глобал бўлиниш шароитида мулоқотни сақлаб қолишга қаратилган кўп векторли ва блокларга қўшилмаслик моделини мустаҳкамлаш учун қулай имконият яратади.
Муаллиф хулоса ўрнида Конституция нормалари амалий натижалар — қўшнилар билан тинч ва ишончли муносабатлар, янги иқтисодий имкониятлар, фуқаролар ҳимояси ҳамда мамлакатнинг умумий муаммоларни бартараф этишдаги фаол иштирокида ўз аксини топса, ташқи сиёсат албатта муваффақиятли бўлишини таъкидлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси