Logo

Қирғизистон ОАВ: Аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни замонавий ғоялар билан уйғунлаштириш - Ўзбекистоннинг олий мақсадидир

Декабрь 19, 2024. 17:25 • 2 дақ

118
Қирғизистон ОАВ: Аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни замонавий ғоялар билан уйғунлаштириш - Ўзбекистоннинг олий мақсадидир

ЎШ, 19 декабрь. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг оммабоп "Alliance-press" ахборот-таҳлил агентлиги Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг "Ўзбекистон: Маданиятни ривожлантириш - миллий ўзликни сақлашнинг асосий воситаси" сарлавҳали мақоласини эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар чуқур мазмун касб этиб, янги босқичга ўтаётгани таъкидланган.

Қайд этилишича, миллий санъатни асраб-авайлаш, ёш авлодни унинг гўзаллиги орқали тарбиялаш, маданиятни ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида мустаҳкамлашга мамлакатимиз тараққиётининг энг муҳим элементлари сифатида қаралмоқда.

"Аждодлардан қолган бой маданий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий технологиялар ёрдамида янги авлодларга етказиш миллий ўзликни сақлаш ва уни дунёга намойиш этишда катта аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, маданий мерос объектларини рақамлаштириш, уларни илмий ўрганишни кенгайтириш ва оммалаштиришни кучайтириш ишлари халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланмоқда", - дея таъкидлайди муаллиф.

Мақолада Ўзбекистон миллий санъат мактаблари ва "Устоз–шогирд" анъанаси миллий ва замонавий маданият уйғунлигини таъминлашда ўзига хос ўрин тутишига урғу берилган. Мамлакатимиз санъатининг ёруғ келажагини яратиш учун барча зарур чора-тадбирлар, жумладан, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётгани эътироф этилган.

Муаллифнинг таъкидлашича, маданият ва санъатнинг ривожланиши жамият ҳаётининг барча соҳаларида ўз аксини топади ва ушбу йўлдаги ҳар бир қадам - халқнинг маънавий юксалиши, миллий қадриятларни эъзозлаш ва Янги Ўзбекистонни дунёга намойиш этишга интилишдир.

"Аждодлар меросига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва уни замонавий ғоялар билан уйғунлаштириш нафақат зарурият, балки юксак мақсад ҳамдир. Мазкур жараённинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб, ўзбек маданиятининг ўзига хос жиҳатларини жаҳон майдонида намойиш этиш миллат тараққиётининг муҳим мезонига айланиб бормоқда", - деб хулоса қилади "Alliance-press" агентлиги.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш