Logo

Ар-Риёздан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон нафақат иқтисодий шериклар, балки ўз минтақаларида барқарорлик ва тараққиётга интилаётган қардош давлатлардир

Июль 06, 2025. 14:14 • 2 дақ

88
Ар-Риёздан муносабат: Ўзбекистон ва Озарбайжон нафақат иқтисодий шериклар, балки ўз минтақаларида барқарорлик ва тараққиётга интилаётган қардош давлатлардир

АР-РИЁЗ, 6 июль. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонинг "Sahm News" газетаси муҳаррири, Масарат тадқиқот ва стратегия маркази тадқиқотчиси Абдулҳамид ал-Кубби "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2-4 июль кунилари Озарбайжонга буюрган давлат ташрифи ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон ва Озарбайжон умумий тарихий, чуқур маданий илдизлар, биродарлик ҳамда ўзаро ҳурмат қадриятларига асосланган яқин муносабатларни сақлаб келмоқда. Мустақилликка эришганидан буён ҳар икки давлат ҳам турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантириб, ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтарди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очган муҳим воқеа бўлди. Ушбу ташриф иқтисодий, маданий ва сиёсий шерикликни мустаҳкамлаб, келгусида янада чуқурроқ ҳамкорликка асос солди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевни самимий қутлаб, икки давлат ўртасидаги қардошлик муносабатлари чуқур эканини алоҳида таъкидлади. У, шунингдек, стратегик шериклик муҳимлигини ва Озарбайжон уни мустаҳкамлашга интилишини қайд этди. Ташриф сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган умумий истакни яна бир бор тасдиқлаш учун имконият бўлди.

Икки давлат раҳбарлари музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорликни, жумладан савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Ҳар икки давлат минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва умумий муаммоларни, жумладан, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларини ҳал этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирилди.

Маданий алмашинувни рағбатлантириш, фестиваллар, бадиий кўргазмалар каби қўшма тадбирларни ташкил этиш орқали умумий маданий меросни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, туркий тилларни ўқитишни қўллаб-қувватлаш ва икки давлат ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида талабалар алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Ташриф натижалари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ва Озарбайжон нафақат иқтисодий шериклар, балки минтақада барқарорлик ва тараққиётга интилаётган қардош давлатлардир. Ташриф минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ва халқлар фаровонлигини оширишга интилишлари муштараклиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик учун янги уфқларни очишда муҳим воқеа бўлди. Бу ташриф нафақат давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлади, балки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Иқтисодий, маданий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорлик давом этар экан, келажак Ўзбекистон, Озарбайжон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун манфаатли бўлган янги ютуқларни ваъда қилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш