Logo

Германиядан муносабат: Ўзаро ҳурмат, аъзолар ўртасидаги ишонч ва умумий фаровонлик, аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши ШҲТнинг пойдеворини ташкил этади

Сентябрь 04, 2025. 20:13 • 3 дақ

99
Германиядан муносабат: Ўзаро ҳурмат, аъзолар ўртасидаги ишонч ва умумий фаровонлик, аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши ШҲТнинг пойдеворини ташкил этади

БЕРЛИН, 4 сентябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг Ҳессен федерал ўлкаси давлат канцеляриясининг Европа масалалари ва халқаро ҳамкорлик департаменти собиқ раҳбари Михаэль Борхманн "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 31 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

 – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Хитой раислигида Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши муҳим тарихий воқеалардан бири бўлди.

ШҲТ 2001 йилда ташкил топган ва Ўзбекистон эса унинг тузилишига асос солган давлатлардан бири саналади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзаро ҳурмат, аъзолар ўртасидаги ишонч ва умумий фаровонлик ҳамда аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши ШҲТ ташкилотининг пойдеворини ташкил этади.

Ўзбекистон ташкилотнинг энг фаол аъзоси ҳисобланади. Айниқса, Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланганидан кейин мамлакат унда фаол, конструктив ва муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистон ШҲТ доирасида 100дан ортиқ ташаббусларни илгари сурди ва бу ташаббусларнинг 80 фоизидан ортиғи аллақачон амалга оширилди. Яна бир қанча янги ташаббуслар ҳозирда амалга ошириш жараёнида.

Жорий саммитда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштироки фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб турди. Ўзбекистон раҳбари барча томонлар учун ўзаро манфаатли бўлган бир қатор муҳим ва аниқ таклифларни илгари сурди. Хусусан, аъзо давлатлар ўртасидаги мустаҳкам ва ишончли мулоқотни янада кенгайтириш, иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, транспорт йўналишларида "ШҲТ ягона транспорт макони"ни шакллантириш ва уни "Бир макон – бир йўл" стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқиш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифларини илгари сурди.

Албатта, ШҲТ ташкил этилганидан буён хавфсизлик масаласи, терроризм ва сепаратизмга қарши курашиш, аъзо давлатларнинг барқарорлигини таъминлаш учун қўшма чоралар кўриш унинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистонни ташкилот жараёнларига кўпроқ жалб қилиш орқали у билан конструктив мулоқотни ривожлантириш ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар киритди.

Умуман, Ўзбекистон раҳбарининг ШҲТнинг янги аъзолар учун ҳам очиқ бўлиб қолиши тарафдори эканлиги, ташкилот доирасида "Глобал Жануб" мамлакатлари фаол ҳамкорликни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлаши унинг очиқлигига яна бир ёрқин мисолдир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ва маданий алмашинувни кенгайтириш, халқ дипломатияси институтини кучайтириш орқали узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қарашлари ҳам  эътиборга моликдир. Ўзбекистон бу борада, айниқса туризм соҳасида ташаббусларни илгари суриб, мамлакатнинг бой маданий меросини янада кўпроқ инсонларга танитиш учун фаол ишлар олиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм кўрсаткичларининг ошиб бораётгани бунга яққол далилдир.

Ўзбекистон ва Хитой давлатлари раҳбарларининг учрашуви икки мамлакат ўртасида шаклланган яқин ва ишончли ҳамкорликни яна бир бор тасдиқлади. Хитой бугун Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Мисол учун, яқин келажакда ишга тушириладиган "Икки ҳудуд – бир боғ" махсус индустриал зонаси Хитой ва ўзбек компанияларининг биргаликдаги муваффақиятли  сармоявий лойиҳаларидан биридир. Раис Си Цзиньпин билан учрашув эса узоқ йиллар давомида шаклланган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги яқин ва ишончли ҳамкорликни яна бир бор мустаҳкамлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш