Германиядан муносабат: Геостратегик жиҳатдан муҳим ҳудудда жойлашган давлат раҳбарининг дипломатик маҳорати биз учун катта аҳамиятга эга
Июль 24, 2025. 13:21 • 5 дақ
• 37
БЕРЛИН, 24 июль. /"Дунё" АА/. "Германия–Ўзбекистон форуми" президенти Детлеф Принц "Дунё" АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг халқаро миқёсдаги аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ўзбекистон Президенти олиб бораётган сиёсат нафақат Германияда ва Европада, балки бутун дунёда мамлакат нуфузининг ошишига ижобий туртки бермоқда. Натижада бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга Марказий Осиёда демократик ислоҳотларни ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг маркази сифатида қарамоқда.
Давлатингиз раҳбари ўзининг оқилона ташқи сиёсати туфайли қудратли давлатлар билан ҳам, Афғонистон каби мураккаб қўшнилар билан ҳам тенг музокаралар орқали иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга эришди. Шу сабабли, ҳам Ўзбекистон Президенти халқаро даражада обрўга эга ва адолатпарвар шахс сифатида эътироф этилмоқда. Худди шундай, Германияда ҳам Ўзбекистон Президентига катта ҳурмат билан қаралади.
Мамлакат сўнгги йилларда ижобий ўзгаришлар билан ривожланаётгани ва бу Германияда ҳам эътироф этилаётгани мени қувонтиради. Масалан, сиёсий ёки иқтисодий доиралардаги юртдошларим, айниқса Ўзбекистонда фаолият юритаётган немис компаниялари вакиллари билан суҳбатларда юртингиз ҳақида ҳақида сўз очишим билан фақат ижобий фикрларни эшитаман.
Мамлакатларимиз ўртасида бугун турли йўналишларда ҳукуматлараро қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва янги замонавий технологиялар соҳасида умумий стандартлар ишлаб чиқиш лойиҳалари бўйича келишувларга эришилган. Умуман олганда, мамлакатларимиз ўртасидаги кўпқиррали ҳамкорлик Германия учун катта аҳамиятга эга.
Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер ташқи ишлар вазири бўлган даврда, унинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва илгари сурилган Марказий Осиё стратегияси бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ҳеч қандай шубҳасиз ижобий деб баҳолаш мумкин. Ушбу жараёнда Ўзбекистон минтақа республикалари орасида марказий роль ўйнайди, албатта.
Ўзбекистон Президенти шундай бир сиёсий муҳитни яратдики, бунинг натижаси ўлароқ, сўнгги йилларда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Шу ўринда расмий Брюссель билан турли соҳаларда эришилган лойиҳаларни эслатиб ўтиш ўринлидир.
Буларнинг барчаси бугун минтақада барқарор ривожланишга хизмат қилмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг минтақадаги ролини етарлича юқори баҳолаш лозим, деб ҳисоблайман. Ҳозирги мураккаб глобал сиёсий шароитда Ўзбекистон асосий геосиёсий аҳамиятга эга мамлакат сифатида эътироф этилмоқда.
Айни пайтда дунёда юз бераётган зиддиятлар сабабли мураккаб сиёсий ва халқаро миқёсда можароли вазиятлар кузатилмоқда. Шу боис, Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё республикаларининг етакчилардан бири сифатидаги роли мулоқот майдонларини яратиш ва мулоқотга тайёрлик муҳитини шакллантиришда, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Албатта, Германия томони буни юқори баҳолайди, чунки геостратегик жиҳатдан муҳим ҳудудда жойлашган давлат раҳбарининг дипломатик маҳорати биз учун катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро анжуманларни ўтказишга тайёрлиги ва меҳмондўстлигини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим. Бугун мамлакат инвесторлар форуми ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилаётган йирик анжуманларга мезбонлик қилиш қаторида турли халқаро ташкилотларга ўз ташаббуси билан чиқмоқда.
Мамлакатнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби халқаро тузилмалардаги ташаббуслари тобора муҳим аҳамият касб этиб, бошқа давлатлар томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Бу мамлакат обрўсини мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшади ва унинг Марказий Осиёдаги муҳим халқаро ролини белгилайди, Ўзбекистонни халқаро сиёсий ташкилотларнинг бир қисмига, ўз таъсирини кучайтириб бораётган тинчликпарвар давлатга айлантиради.
Ўз тажрибамдан биламанки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзи, фикри, позицияси ва қўшни давлатлар ҳамда можароли томонлар билан мулоқотга тайёрлиги халқаро даражада жуда юқори қадрланади ва ҳурмат қилинади. Ўзбекистон Президентига ташқи сиёсатдаги бундай оқилона йўлни яқин қўшничилик муносабатларида ҳам, халқаро даражада ҳам давом эттиришни, тинчлик йўлида олиб бораётган ижобий саъй-ҳаракатлари бардавом бўлиши учун куч-қувват ва бардамлик тилайман.
Германия Федерал Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифи билан "Германия-Ўзбекистон форуми"га асос солинган эди, бугун жамиятнинг барча қатламлари вакилларидан иборат форум аъзолари ўзаро муносабатларини янада фаоллаштириш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар.
Шу тариқа, биродар шаҳарлар – Тошкент ва Берлин ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам янги суръатда ривожланмоқда. Бундан ташқари, ўзбекистонлик ёшларни дуал касбий таълимга ўқитиш, уларга сифатли таълим бериш учун, аввало, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича узвий ҳамкорликда ишлаяпмиз.
Ўзбекистоннинг ажойиб туризм салоҳиятини, тарихи ва маданиятини Германияда янада кенгроқ танитиш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши ва ҳамкорликнинг ёрқин келажаги учун д ўз ҳиссамизни қўшишга интиламиз.
Шу ўринда айтиш жоизки, Тошкент-Берлин шаҳарлари ҳамкорлиги доирасида халқларимиз учун янги ахборот манбаси, яъни немис ва ўзбек тилларида чиқадиган "Пойтахтнома" ("Der Hauptstadtbrief") газетасини чоп этишга эришдик. Умид қиламанки, бу нашр икки мамлакат ва икки халқни бир-бирига яқиндан таништириш ҳамда келажакда дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳисса қўшади.
Фурсатдан фойдаланиб, Президент Шавкат Мирзиёев шахсига ҳам алоҳида тўхталишни истардим. Бу инсон билан илк бор Берлинда ташкил этилган "Ўзбекистоннинг маданий хазиналари: Македониялик Искандардан то Кушонлар салтанатигача" қўшма кўргазманинг икки давлат раҳбарлари иштирокидаги расмий очилиш маросимида танишганман ва шундан сўнг Президент билан икки марта шахсан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим. Президент Шавкат Мирзиёевнинг дўстона муносабати, зиёлилиги, энг аввало, сиёсий узоқни кўра билиши менда катта таассурот қолдирган. Бир суҳбатимизда Президент менга: "Одамлар нимани хоҳлашларини ва қандай яшаётганларидан хабардор бўлиш жуда муҳим", деганди. Кейинчалик Ўзбекистонда бўлиб ўтган суҳбатлар менга шуни кўрсатдики, Президент Шавкат Мирзиёев нафақат ўз халқи қандай яшаётгани, нима истаётганини тушунади, балки шу билан бирга мамлакатни халқаро миқёсда нуфузини оширишга, минтақада ва дунёда барқарор тинчлик муҳитида тараққий этган давлат даражасига олиб чиқишга интилади. Бу халқаро майдонда жуда муҳим, марказий ўрин тутади ва биз бу доно сиёсий йўлни давом эттириш учун давлатингиз раҳбарига муваффақият тилаймиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари