Хитойдан муносабат: Расмий Тошкентнинг ҳар бир янги ташаббуси халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ғоялар яратувчиси сифатидаги интилишини намойиш этади
Сентябрь 28, 2025. 13:40 • 5 дақ
• 296
ПЕКИН, 28 сентябрь. /"Дунё" АА/. Хитой эксперт-таҳлил доиралари вакиллари "Дунё" АА учун интервьюларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи ҳақидаги фикрларини билдирди.

Ван Минмэй, "Psearcher" журнали бош муҳаррири:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясидаги маърузасида анъанавий тарзда нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун сайёранинг долзарб муаммоларидан бири бўлган – экология мавзусига алоҳида эътибор қаратди.
Бу борада Ўзбекистоннинг ютуқлари яққол кўзга ташланади, айниқса, Оролбўйидаги экотизимни тиклаш ишларида. 2030 йилгача Орол денгизининг қуриган тубини 80 фоизгача яшил ўсимликлар билан қоплаш режалари алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг халқаро аренадаги фаол саъй-ҳаракатлари доимий равишда Хитой оммавий ахборот воситалари, жумладан бизнинг нашримиз диққат марказида бўлиб келмоқда. Яқинда биз "Ўзбекистон ва БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастурлари (UNEP): самарали табиий муҳитни муҳофаза қилиш лойиҳаларини илгари суриш" сарлавҳали мақолани чоп этдик.
Унда сўнгги йилларда Ўзбекистон экологик соҳада халқаро жамоатчиликда фаол роль ўйнаб, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) томонидан бошқариладиган еттита асосий глобал ташкилотларга аъзо бўлгани ва табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тўққизта конвенцияда фаол иштирок этаётгани таъкидланган.
Жамоатчиликнинг Ўзбекистондаги атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида, UNEP экспертлари кўмагида Миллий экологик ҳисобот ишлаб чиқилди. Ушбу ҳисоботда атроф-муҳит ҳолати ва иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатаётган омиллар баҳоланган.
"Замин" халқаро жамоат фонди UNEP ва Экология вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги билан ҳамкорлигида амалга оширилаётган яна бир лойиҳа ҳавонинг ифлосланишини автоматлаштирилган мониторинг қилишга қаратилган. Ушбу доирада мамлакат бўйлаб 63 та мониторинг станциясини ўрнатиш ва марказлаштирилган таҳлилий марказни яратиш режалаштирилмоқда.
Қайд этилган маълумотлари ҳисобга олган ҳолда, биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда долзарб экологик дастурларни, жумладан, Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш бўйича истиқболли режаларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Иқлимий миграция масалаларида аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, давлат раҳбари кенг қамровли халқаро ҳамкорликни назарда тутувчи Глобал пактни қабул қилиш таклифини билдиргани мутлақо ўринли бўлиб, бу таклиф кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши керак.
Бугунги кунда Ўзбекистон Хитой билан иқлим ўзгаришлари таҳдидларини камайтириш ва аҳоли ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий соҳасига салбий таъсирларни енгиллаштириш борасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
"Марказий Осиё — Хитой" формати доирасида Нинся-Хуэй автоном ҳудудида барпо этилаётган Қумлашувга қарши кураш маркази доирасида қўшма фаолият тўғрисидаги қарор буни аниқ ифодалайди.
Лю Сюй, Хитой халқ университети ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё маркази директори ўринбосари:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-йиғилишидаги нутқини катта қизиқиш билан тингладим. Маърузада барқарор ривожланиш дастурлари аниқ акс эттирилган, минтақавий хавфсизлик, иқлим ўзгариши билан курашиш, шунингдек, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш масалаларига кенг ўрин ажратилган.
Хитой томони бугунги кунда тез ўзгараётган, мураккаб глобал муҳитда яшаётганлигимиз ҳақидаги қарашларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон етакчисининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ва "ШҲТ плюс" учрашувидаги сўнгги иштирокини таҳлил қилганда, унинг чиқишлари ҳар доим дунёда юзага келаётган мураккаб жараёнларни аниқ ва чуқур баҳолаши ҳамда амалий, конкрет таклифларига эга бўлиши билан ажралиб туришини кўрасиз.
Расмий Тошкентнинг ҳар бир янги ташаббуси халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ғоялар яратувчиси сифатида унинг интилишини намойиш этади.
Яқинда мен Хитойнинг "Diplomat" нашрида чоп этилган "Ресурслар ўрнига инновациялар ва ғоялар: Ўзбекистон ёшларининг мамлакатнинг глобал имижини шакллантириши" сарлавҳали мақолини ўқиб чиқдим.
Эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга оид масалаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни устувор вазифа қилиб белгилаган.
Ҳақиқатан ҳам, жаҳон миқёсида рақобатбардош бўлган ёш мутахассисларсиз барқарор иқтисодиёт қуриш ёки самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконсиздир.
Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон етакчисининг таклифи – "Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати"ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини мамлакатингизда жойлаштириш таклифини якдил қўллаб-қувватлашига ишонаман.
Гао Вэйчжун, Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик маркази директори:
– Президент Шавкат Мирзиёев нутқида соғлиқни сақлаш масалаларига, хусусан, онкологик касалликлар каби долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хитой раиси Си Цзиньпин 1 сентябрь куни Тяньцзинда ўтган "ШҲТ плюс" форматидаги йиғилишда кейинги беш йил давомида Хитой томони ШҲТ давлатлари учун 10 мингта саратонни скрининг қилиш амалиётларини ўтказишга тайёрлигини эълон қилди.
Бу давлатларимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий устувор йўналишларини яққол кўрсатади.
Ташкилотимиз Ўзбекистоннинг тегишли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда касалликларни даволаш бўйича қўшма дастурларни фаол амалга оширяпти.
Шу муносабат билан, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фаол қўллаб-қувватлаши остида ўтказилиши режалаштирилган болалар онкологияси масалаларига бағишланган махсус тадбир ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Чу Ли, Пекин халқаро маданият ва савдо ассоциацияси ижрочи раиси:
– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли минбаридан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг камбағалликка қарши курашишдаги ютуқларини алоҳида таъкидлади. Сўнгги кунларда Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари — "Синьхуа" ахборот агентлиги, "Жэньмин жибао" газетаси, "Китай" ва "CGTN" телеканали Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманганда бўлиб ўтган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форумининг очилиш маросимидаги нутқини кенг ёритди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон ва Хитой доимий стратегик шериклар сифатида ўзаро манфаатли барча йўналишларда, хусусан, камбағалликни қисқартириш масаласида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти ва Хитой Раиси ташаббуси билан Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси таркибида Камбағалликни қисқартириш бўйича қуйи қўмита ташкил этилган бўлиб, ҳозирга қадар унинг икки маротаба йиғилиш ўтказилди.
Бугунги кунда Хитой ҳукумати билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ва муайян ютуқларга эришилмоқда. 10 мингдан ортиқ ўзбек мутахассислари Хитойнинг камбағалликни қисқартириш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш бўйича малака ошириш амалиётда иштирок этди. Муҳими, бу тажриба Ўзбекистон шароитига, иқтисодий ва маданий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда мослаштирилмоқда.
Ўзбекистон раҳбари томонидан 2030 йилга қадар жамиятда камбағалликни максимал даражада камайтириш мақсадига эришишда Хитой тажрибаси етакчи ўрин тутишига ишонаман.
Шунингдек, туризм иқтисодий ривожланишнинг асосий катализаторларидан бири ва барқарор ривожланишга эришиш учун самарали воситадир.
Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам сайёҳларни жалб қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида визасиз режим эълон қилингандан сўнг, машҳур Хитой сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга чипта сўровлари кўпайди. Фақатгина 2025 йилнинг биринчи етти ойида Хитой фуқароларининг Ўзбекистонга ташрифлари бир неча баробар ошди. Бу борада "Хитойда Ўзбекистон Туризми йили" доирасида шаҳарлар ва вилоятларда ўтказилган "Роуд шоу" тадбирлари муҳим роль ўйнади.
Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг Хитой сайёҳлари орасидаги машҳурлиги бундан кейин ҳам ошиб бораверади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари