Logo

Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди

Декабрь 17, 2025. 12:02 • 2 дақ

106
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди

ЖЕНЕВА, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Кеча Женева шаҳридаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси кунига бағишланган ва мамлакатнинг янги таҳрирдаги Асосий қонунида мустаҳкамланган муҳим ўзгаришларни муҳокама қилишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

 Мазкур тадбир “Инсон қадр-қиммати ва ижтимоий адолат: янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси – инсон ҳуқуқлари кафолати сифатида” мавзусидаги мунозара шаклида ташкил этилди.

Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистоннинг БМТ бўлимидаги доимий вакили Элдиёр Тошматов, Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Ф.Блюм, “Diva International” журнали бош муҳаррири Марит Фоссе, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари – жами 50 дан ортиқ киши иштирок этди.

Акмал Саидов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг асосий қоидалари ҳақида тўхталди. Ушбу нормалар қонун устуворлиги принципларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини кенгайтиришга қаратилган. Шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, рақамли ва экологик ҳуқуқларни такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш, конституциявий онг маданиятини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишга оид янгиликларга алоҳида эътибор қаратилди, дея қайд этди Ўзбекистон вакили.

Роберт Ф.Блюм ўз нутқида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига юқори баҳо берар экан, унинг инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга, ижтимоий адолатга ва замонавий халқаро стандартларга мослигини таъкидлади. У Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳоти демократик янгиланиш йўлидаги муҳим қадам бўлганини ва замон талабларига жавоб беришини, мамлакатнинг очиқ мулоқотга ва ҳуқуқий институтларни янада ривожлантиришга тайёрлигини намоён қилганини эътироф этди.

Иштирокчилар янги таҳрирдаги Конституция кенг умумхалқ муҳокамаси натижаси бўлиб, мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик институционал-ҳуқуқий ислоҳот меваси эканлигини таъкидладилар. Ушбу янгиланган Асосий қонун мамлакатнинг давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мос келадиган барқарор ҳуқуқий муҳитни яратишга бўлган интилишини акс эттиради.

Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги узоқ муддатли дастурларни, жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш учун асос яратиши, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа ҳамкорлар билан халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳам қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Конституция куни муносабати билан йўллаган мурожаатида таъкидлаганидек, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, эркин хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституцияда мустаҳкамланган норма ва тамойиллар, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамизга улкан куч-қудрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида китоб кўргазмаси ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳотларига бағишланган махсус рисола иштирокчиларга тақдим этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш