Logo

Латвиядан муносабат: Ўзбекистоннинг дипломатик ҳамда стратегик ташаббуслари Марказий Осиё ва ундан ташқарида ҳам сезиларли даражада кучайди

Август 19, 2025. 12:16 • 3 дақ

433
Латвиядан муносабат: Ўзбекистоннинг дипломатик ҳамда стратегик ташаббуслари Марказий Осиё ва ундан ташқарида ҳам сезиларли даражада кучайди

ТОШКЕНТ, 19 август. /"Дунё" АА/. 18-19 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтаётган "Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик" мавзусида ўтаётган юқори даражадаги учрашуви иштирокчиси, собиқ Латвия Президенти Валдис Затлерс "Дунё" АА учун интервьюсида анжуман ва Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Албатта, бугунги кундаги натижаларни ўзингизга ҳам аён, катта ўзгаришлар бўлмоқда, барчамиз буни ҳис қилмоқдамиз. Бундай ижобий натижаларни ҳис қилганингизда, мамлакатингизни ислоҳ қилишнинг кейинги босқичига тайёр бўласиз. Ривожланган давлат бўлиш, фаровон мамлакатга айланиш учун ўзгаришлар доимо зарур. Шу билан бирга, анъаналарни, маданиятни, диний қадриятларни асраб-авайлаб, глобал ҳамжамиятнинг муваффақиятли аъзоси бўлиш муҳимдир.

Ушбу форумда турли мамлакатлардан келган кўплаб инсонлар қаторида иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. Шунингдек, ушбу учрашувни маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ташкил этган Низомий Ганжавий марказига ҳам самимий миннатдорлик билдираман. Биз бир-биримиз билан учрашиб, ютуқларимиз ҳақида гаплашишимиз керак, камчиликлар ҳақида эмас. Бу муҳокама мавзуси бўлиши мумкин, албатта. Аммо, асосийси, мен ҳар 10 йилда бир марта Ўзбекистонга келаман ва ўзгаришларни кўриб тураман. Мен бу ўзгаришларни фақат статистик маълумотлардан эмас, балки оддий одамларнинг ҳаётидан ҳам сезаман. Шаҳарда сайр қилиш, одамлар билан суҳбатлашишни ёқтираман. Ўзгаришлар жуда катта. Буни кўриб ҳам, ҳис қилиб ҳам хурсанд бўламан. Ўзбекистон халқи ва раҳбариятига фақат эзгу тилакларимни билдираман.

Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсак, менинг баҳойим шуки, мамлакатнинг дипломатик ҳамда стратегик ташаббуслари Марказий Осиё ва ундан ташқарида сезиларли даражада кучайди. Ўзбекистон дипломатияси бугун анча очиқ, халқаро ҳамкорлик учун имкониятлар кенгайди ва бу ҳам жуда муҳим. Сиз йирик давлат, катта аҳолига эга мамлакатсиз, аммо ёлғиз ҳам эмассиз, дўстларингиз кўп.

Шу сабабли, ишончли дўстларнинг бўлиши жуда зарур. Айниқса, иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, транспорт йўлларини барпо этиш, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш шарт. Акс ҳолда, ноаниқликда яшашга ва атрофдаги хавфлар билан юзма-юз бўлишга тўғри келади.

Яқинда мен хавф-хатарларни идрок этиш ҳақидаги илмий шарҳни ўқидим ва унда Марказий Осиёда одамлар ўзларини хавф остида эмас, балки анча хотиржам ва ишончли ҳис қилаётгани мени хурсанд қилди. Ўзаро ишонч билдириш, ҳамкорлик қилиш ва кейин минтақадан ташқарида ҳам дўстлар топишга интилиш – бу жуда тўғри йўналиш. Бугунги кун мисолида бу Европа билан ҳамкорликни англатади.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик динамикаси ҳақида гапирадиган бўлсак, истиқболда жуда катта имкониятлар мавжуд. Бизга ишончли ҳамкорлар зарур. Менинг мамлакатимда ҳам кўплаб ўзбекистонликлар ишлаяпти. Улар бу ерда нафақат меҳмон кучи сифатида, балки биргаликда ишлаш, бизнес юритиш ва ўзаро тушуниш имконини берадиган инсонлар сифатида қадрланади. Бир-бирини англаш ва ҳурмат қилиш эса инсонлараро учрашув ва мулоқотсиз юзага келмайди.

Ўзбекистон халқига, қаерда бўлишидан қатъий назар, барча эзгу тилакларимни изҳор қиламан.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш