Марказий Осиё аввал "тупикдаги минтақа" сифатида қаралган бўлса, бугун у жаҳон ҳамжамияти диққат марказида
Август 20, 2025. 10:56 • 4 дақ
• 377
ТОШКЕНТ, 20 август. /"Дунё" АА/. 18-19 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "Умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик" шиори остида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа юқори даражадаги учрашуви иштирокчиси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти собиқ бош котиби Рашид Алимов (Тожикистон) "Дунё" АА учун берган интервьюсида анжуман ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Бугунги форум стратегик ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокамаси учун муҳим майдон вазифасини бажармоқда.
Шунингдек, мазкур анжуманни, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи раҳбарлари томонидан олиб борилаётган яқинлашув ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар контекстида кўриб чиқиш мумкин.
Форумда собиқ Президентлар, Бош вазирлар ва Европа Иттифоқининг таниқли жамоат арбоблари, шунингдек, бошқа нуфузли вакиллар иштирок этаётгани — бу минтақанинг жаҳон геосиёсий жараёнларида тутган ўрнига қаратилаётган жиддий эътибордан далолат беради.
Учрашувнинг Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Бу танлов мамлакатда сўнгги саккиз йилда амалга оширилаётган очиқлик ва самарали ислоҳотлар сиёсатининг тан олиниши сифатида қаралиши мумкин. Ўзбекистон бутун минтақани ўз ичига олган Марказий Осиёнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган беш давлатидан бири сифатида, жаҳон савдо йўлларини яқинлаштира оладиган марказга айланмоқда.
Айниқса, иккита денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлат билан чегарадош Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги жиддий тараққиёти кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бу, шубҳасиз, аввало мамлакат раҳбарияти, хусусан, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган оқилона, узоқни кўзловчи сиёсат самарасидир.
Президентингиз томонидан илгари сурилган ва барча Марказий Осиё давлатларига манфаатли бўлган ягона ривожланиш формуласи бугун ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бу формула фақат битта "локомотив"нинг ҳаракати эмас, балки бутун "поезд"нинг — яъни бутун минтақанинг биргаликда тараққий этиш ҳаракатидир.
Жорий йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашуви кўпчиликнинг эътиборида бўлмоқда. Бу формат аввалига шубҳа билан қарши олинган бўлса-да, бугун у халқаро ташкилотларнинг расмий механизмларидан кам самара бермаётганини кўрсатди. Бу эса минтақанинг стратегик тафаккур ва узоқни кўра олиш қобилиятининг ёрқин намунасидир.
Географик жиҳатдан тоғлар ва тоғ дарёлари билан ўраб олинган Марказий Осиё аввал "тупикдаги минтақа" сифатида қаралган бўлса, бугун у жаҳон ҳамжамияти диққат марказида. Европа Иттифоқи каби йирик шериклар билан самарали ишлайдиган камида ўнта ҳамкорлик формати бу фикрни тасдиқлайди.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати кўп жиҳатдан Хитойдаги 45 йил аввал бошланган иқтисодий ислоҳотларни эслатади. Бир пайтлар қашшоқ ва ички мураккабликларга тўла Хитой бугунги кунда жаҳоннинг етакчи иқтисодий кучига айлангани каби, Ўзбекистон ҳам шиддат билан ривожланмоқда. Бунинг замирида, албатта, ўз халқига ишонган, узоқни кўра оладиган, ички ва ташқи сиёсатда мувозанатни сақлайдиган раҳбарият бор.
Бу юрт ўзини дунёдан узиб қўймаган, аксинча, минтақавий ва халқаро ҳамкорликка йўналтирган. Марказий Осиё "локомотиви" балким тез ҳаракатланмас, аммо энг муҳими – у ҳаракатдан тўхтамасин. Бу сўзлар бугунги кунда минтақадаги барқарор тараққиётнинг асосий тамойилига айланган.
Бугунги анжуманда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ўз тажрибаси ва билимлари билан ривожланишнинг янги йўналишларини белгилаб бера оладиган етук шахслар иштирок этмоқда. Улар муҳокамалар давомида Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнаган келажаги борлигини яна бир бор таъкидламоқда. Минтақамизда иқлим, транспорт инфратузилмаси, аҳоли ўсиши каби муаммолар мавжуд бўлмасин, уларнинг барчасига ечим топиш мумкин.
Энг муҳими, бу ечимлар барча давлатлар учун манфаатли ва барқарор ривожланишни таъминлайдиган бўлиши керак. Ва бу борада Ўзбекистон энг муносиб майдон бўлиб хизмат қила олади.
Ўзбекистон Президенти томонидан форум иштирокчиларига йўлланган мурожаат анжуман муҳокамаларига аниқ йўналиш берди.
Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг собиқ раиси Мария Фернанда Эспиноса томонидан билдирилган баҳолар давлатингиз раҳбари мурожаатининг мазмунан чуқур ва таъсирчан эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Мурожаатда таъкидланганидек, бугунги кунда гап фақат янги алоқалар ўрнатиш ҳақида эмас. Аслида, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги юз йиллар давомида мавжуд бўлиб келган иқтисодий ва маънавий ришталарни қайта тиклаш, мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда.
Шу боис, янги технологик пойдевор асосида мулоқот ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш жуда муҳим, деб ўйлайман. Бу, энг аввало, ўзаро тушуниш ва миллатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари