Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг АҚШдаги бизнес дастури доирасидаги учрашувлар мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатида янги саҳифа очади
Сентябрь 28, 2025. 14:06 • 3 дақ
• 116
ИСЛОМОБОД, 28 сентябрь. /"Дунё" АА/. "Daily Ittehad" газетаси ва "Pakistan Economic Network" онлайн нашри бош муҳаррири Тохир Фарук (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштироки доирасида АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказган учрашувлари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштирок этиш учун АҚШга ташрифи нафақат халқаро сиёсий мулоқотдаги муҳим воқеа, балки мамлакатимиз фаол иқтисодий дипломатиянинг ёрқин намунаси бўлди.
Ўзбекистон раҳбарининг АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари билан бўлиб ўтган қатор музокаралари ва учрашувлари Ўзбекистон-Америка муносабатлари янги стратегик босқичга кўтарилаётганидан далолат берди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Сержио Гор билан учрашуви, энг аввало, икки давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти чоғида эришилган келишувларни амалий амалга оширишга қаратилди. Бу Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик барқарор ва тизимли ривожланиб бораётганидан далолатдир.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ишбилармонлик учрашувлари жадвали гавжумлиги Америка ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва сармоявий муҳитга қизиқиши юқори эканлигини кўрсатди.
"Franklin Templeton", "Citigroup", "Boeing", "Mastercard", "Visa", "General Motors", "Nvidia" каби АҚШнинг йирик корпорациялари ва молия институтлари билан олиб борилган музокаралар натижасида қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантиришга эришилди.
Имзоланган ҳужжатлар орасида транспорт, энергетика, молия, биотехнология, тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар бор. Бу ташаббуслар Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган.
"Traxys", "FLSmidth", "McKinsey" ва "Go Green Partners" каби компаниялар билан геология ва муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик, айниқса, диққатга сазовор. Бу нафақат мамлакат хомашё базасини ривожлантиришга, балки юқори қўшимча қийматга эга бўлган ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳам қаратилган, бу стратегик қадамдир. Ўзбекистон етакчисининг "яшил" энергия, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратаётгани мамлакатнинг замонавий глобал тенденцияларга интеграциялашувга интилишидан далолат беради.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг АҚШдаги бизнес дастури доирасидаги учрашувларини Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатида янги саҳифа очиш сифатида тавсифлаш мумкин. Бу учрашувлар нафақат икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштирди, балки мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш ва иқтисодиётини модернизация қилишга интилишини яна бир бор тасдиқлади.
Покистон нуқтаи назаридан, Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари каби йирик иқтисодий давлат ўртасидаги бундай самарали алоқалар минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ишончим комилки, бу жараёнлар Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида кенг иқтисодий ҳамкорлик учун янги йўллар очмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари