Logo

Тожикистондан муносабат: Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари Марказий Осиё – Яқин Шарқ алоқаларининг ривожланишига замин яратди

Август 27, 2025. 12:01 • 2 дақ

61
Тожикистондан муносабат: Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари Марказий Осиё – Яқин Шарқ алоқаларининг ривожланишига замин яратди

ДУШАНБЕ, 27 август /"Дунё" АА/. Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, Россия-Тожикистон (славян) университетининг Хорижий минтақавий тадқиқотлар ва ташқи сиёсат кафедраси профессори, тарих фанлари доктори Гўзель Майтдинова "Дунё" АА учун интервьюсида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг 25-26 август кунлари Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи якунларини изоҳлади:

– Иордания Подшоҳининг давлат ташрифи Ўзбекистоннинг 2025 йилдаги дипломатик тақвимидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу 1993 йил 15 февралда бошланган Ўзбекистон-Иордания муносабатларининг изчил ривожланишининг чўққисини ва икки давлат муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш истагини ўзида акс эттирди.

Мазкур ташриф икки томонлама муносабатлардаги бундай даражадаги биринчиси бўлиб, мулоқотнинг янги моделига ўтиш рамзи саналади. Геосиёсий нуқтаи назардан, ташриф Ўзбекистон учун Яқин Шарқдаги ва ислом оламидаги мавқеини мустаҳкамловчи қадам сифатида муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон-Иордания муносабатлари мустаҳкамлангани Тошкент фаол равишда алоқаларни кенгайтираётган Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатларига юборилган муҳим сигналдир. Иордания учун бу ташриф Марказий Осиёдаги сиёсий иштирокини кенгайтириш йўлидаги қадам бўлиб, бу Амманнинг ташқи сиёсий алоқаларни диверсификация қилиш курсига мос келади. Бутун Марказий Осиё учун эса ушбу ташриф "Марказий Осиё – Яқин Шарқ" мулоқотини ривожлантириш учун асосни мустаҳкамлайди.

Подшоҳ Абдулла II нинг ташрифигача Ўзбекистон-Иордания иқтисодий алоқалари камтарона эди. Бироқ, сўнгги йиллар парадигма ўзгариши билан тавсифланади. Ҳар икки томон ҳам муносабатларга тизимли хусусият беришга интилмоқда ва иқтисодий ва гуманитар имкониятларнинг бир-бирини тўлдиришига таянмоқда. Иордания етакчисининг ташрифи ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш тенденциясининг мантиқий давоми бўлди.

Ташриф давомида имзоланган муҳим ҳужжатлар тўплами мунтазам мулоқот, сиёсий-ҳуқуқий позицияларни мувофиқлаштириш, инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар яратиш, янги савдо каналларини очиш, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун институционал асос бўлмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон-Иордания муносабатларини узоқ муддатли стратегик ривожлантиришга хизмат қилади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Президентини Иорданиянинг "Ан-Наҳда" ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, бу Иордания томонидан кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳурмат ва эътирофдан далолат беради.

Ўйлайманки, Подшоҳ Абдулла II нинг Ўзбекистонга ташрифи Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги моделини шакллантиришда муҳим босқич бўлди, бунда Ўзбекистон ва Иордания қўллаб-қувватловчи бўғин сифатида ҳаракат қилиши мумкин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш