Logo

Туркиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг турк халқига нисбатан илиқ муносабатларини биз ҳар доим ҳис қиламиз

Июль 24, 2025. 12:47 • 2 дақ

22
Туркиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг турк халқига нисбатан илиқ муносабатларини биз ҳар доим ҳис қиламиз

АНҚАРА, 24 июль. /"Дунё" АА/. Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Ўзбекистон-Туркия дўстлик гуруҳи ҳамраиси Осман Местен "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон оқил, тажрибали, ўз халқига меҳрибон, ислоҳотчи ва узоқни кўзлаб ҳаракат қилувчи доно раҳбарга эга. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган "Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс" ғояси доирасида Ўзбекистон сўнгги 8 йилда туб ўзгаришлар ва тараққиётни бошдан кечирди. Қишлоқ хўжалиги, текстиль, қурилиш, олий ва ўрта таълим каби барча жабҳаларда улкан натижаларга эришмоқда. Шунингдек, Конституция ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирмоқда. Ўзбекистонга тез-тез ташриф буюрадиган инсон сифатида мазкур ўзгаришлар ва янгиланишларга бевосита гувоҳман. Президент Шавкат Мирзиёев, айниқса, ёшларга катта эътибор бериш билан буюк келажакнинг пойдеворини яратяпти.

Ўзбекистон чуқур тарих ва тамаддун соҳиби бўлган мамлакат ўлароқ, қўшни мамлакатлар билан ихтилофларни бирма бир ҳал этиб, Марказий Осиёда тинчлик-осойишталик муҳитини яратди. Ўз навбатида, кўп томонлама фаол ташқи сиёсати билан глобал миқёсда ўз таъсирига эка мамлакатга айланди. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон фақатгина Марказий Осиёнинг эмас, бутун дунёнинг порлоқ юлдузидир, деб айта оламиз.

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиши билан ушбу тузилма фаолияти жиддий ўзгаришларга юз тутди. Туркий тарих Мовароуннаҳр заминида яъни Ўзбекистонда шаклланган. Бу жиҳатдан, Ўзбекистонсиз Туркий давлатлар ташкилотини тасаввур қилиш мумкин эмас.   

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Туркия муносабатларига ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда. Ўзбекистон ва Туркия етакчилари ўртасида қарор топган самимий дўстлик ва қардошлик ришталари икки давлат халқлари ўртасидаги муносабатларда ҳам акс этмоқда. Динимиз, тилимиз, урф-одатларимиз, тарихимиз, маданият ва тамаддунимиз муштараклигини инобатга олиб, халқларимизнинг ҳам аслида бир эканини айтишимиз мумкин. Президент Шавкат Мирзиёевнинг турк халқига нисбатан илиқ муносабатларини биз ҳар доим ҳис қиламиз.

Мен ўз фикрларимни ушбу тўртлик билан тугатмоқчиман:

Ўзбекистон ҳар вақт табаррук, доим дилдора,

Соғинч – қалбимда, давосиз ёра.

Миноралар чироқ бўлса, парвонасиман.

Умрим етгунча Ўзбекистоннинг девонасиман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш