Туркиядан муносабат: Евроосиё келажаги кўп жиҳатдан Ўзбекистон каби барқарорлик марказларига боғлиқ
Октябрь 11, 2025. 13:28 • 4 дақ
• 132
АНҚАРА, 11 октябрь. /"Дунё" АА/. Евроосиё иқтисодий алоқалар жамғармаси – "EkoAvrasya" раҳбари Ҳикмет Эрен (Туркия) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 октябрь кунлари Душанбеда ўтган "Марказий Осиё – Россия" форматидаги иккинчи саммит ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Бу учрашувлар Марказий Осиё босқичма-босқич сиёсий ирода, иқтисодий ташаббус ва ўзаро ишонч марказига — минтақавий ҳамкорликнинг янги мантиғи шаклланаётган маконга айланиб бораётганини яна бир бор намойиш этди.
Президент Шавкат Мирзиёев "Марказий Осиё – Россия" иккинчи саммитида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташаббусларни илгари сурди.
Саммитдаги нутқида у расмий келишувлар тилида эмас, балки аниқ ҳаракатлар тилида гапирди. У умумий қарорлар ижросини жадаллаштириш ва ғояларни амалий лойиҳаларга айлантириш учун ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишни таклиф қилди. "Марказий Осиё–Россия агроэкспресс" – тўғридан-тўғри логистика йўлагини йўлга қўйиш ташаббуси алоҳида эътиборга молик бўлди. Бу нафақат ўзаро савдони ошириш, балки минтақадаги фермер ва ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорларни ҳам очиш имконини беради.
Президент Бухорода илм-фан, бизнес ва инновациялар учрашадиган ноёб технологик кўприк бўлган Саноат инжиниринг хабини яратиш ғоясига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, мамлакатда Атом энергетикаси бўйича Минтақавий компетенциялар марказини, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ва Россия университетлари ҳамда ёш тадқиқотчилар салоҳиятини бирлаштирган "Келажак муҳандислари" консорциумини ташкил этишни таклиф қилди.
Бу ташаббуслар расмий баёнотлардан анча узоқроқ. Улар ҳамкорликнинг жонли архитектурасини яратмоқда, бунда ҳар бир элемент – транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ёки киберхавфсизлик – бир-бирини тўлдиради ва минтақа келажаги ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев минтақадаги жараёнларга янги суръат киритишга муваффақ бўлди. Унинг Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илк бор тақдим этилган "Янги Марказий Осиё" концепцияси минтақавий ҳамкорликка замонавий ёндашувнинг асосига айланди. Бу шунчаки ташқи сиёсат ғояси эмас, балки яхши қўшничилик, очиқлик ва барча шериклар манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган реал стратегиядир.
Яқинда Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий ривожланиш кун тартибини шакллантиришдаги фаол ролини тасдиқлади. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Бу позиция, менинг фикримча, Туркиянинг Евроосиёда рақобат эмас, балки ўзаро манфаатлар орқали барқарор ривожланиш ҳақидаги қарашларига яқин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик ишларидаги конструктив ва фаол иштирокига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Давлатингиз раҳбарининг ушбу мажбурият ўз ифодасини топган сиёсати умумий вазифаларни ҳал этиш учун ҳамкорликнинг янги, инновацион, ўзаро манфаатли шаклларини излашга асосланган. Бу Тошкентнинг МДҲ форматида шунчаки қатнашиш эмас, балки янги ғояларни қўшиш, мулоқотни жонлантириш ва уни реал ташаббуслар билан сингдиришга интилишидан далолат беради.
Айниқса, Тошкент қўшниларни бир-бирига яқинлаштириш – чегара муаммоларини ҳал этиш, тўсиқларни бартараф этиш, ишончни тиклаш бўйича аниқ қадамларни биринчи бўлиб қўйганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу янги муҳитни яратди, яъни минтақа давлатлари муаммоларни эмас, балки келажак учун имкониятларни муҳокама қила бошлаган муҳитни.
Бугун Туркия ва Россия Евроосиёда ўз манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлашга интилаётган бир пайтда, Ўзбекистон ишонч кўприги — ғоялар, лойиҳалар ва истиқболлар учрашадиган нуқтага айланишга тайёр. Энергетика, транспорт ва гуманитар соҳаларда синергия салоҳияти ҳамма жойда яққол намоён бўлмоқда ва Тошкент бу салоҳиятни амалий натижаларга айлантиришни билади.
Менимча, Евроосиёнинг келажаги кўп жиҳатдан Ўзбекистон каби барқарорлик марказларига боғлиқ. Бу мамлакат хотиржамлик ва прагматизм тилида гапиради, аниқ мақсад сари интилади. Айнан шу ерда минтақага нисбатан янги қарашнинг пойдевори қўйилмоқда. Иқтисодий интеграция ва маданий-гуманитар ҳамкорлик узоқ муддатли барқарорлик учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.
Агар бу йўналиш давом эттирилса, биз нафақат глобал силжишларга бардош бера оладиган, балки бутун Евроосиё минтақаси учун янги имкониятлар манбасига айлана оладиган минтақани кўрамиз. Ўзбекистон бугун ўз таъсирини ўрнатиб, кучли етакчилик ва ишонч дипломатияси билан биргаликда минтақани яхши томонга – тинчлик, изчил тараққиёт маконига айлантириш мумкинлигини намойиш этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари