Logo

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистонда жадидлар меросини ўрганишга бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди

Сентябрь 23, 2025. 17:40 • 58 сония

59
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистонда жадидлар меросини ўрганишга бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди

ИСТАНБУЛ, 23 сентябрь. /"Дунё" АА/. Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистонда жадидлар меросини ўрганишга бағишланган илмий конференция ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман Ўзбекистон Бош консулхонаси ва "Туркистонликларга ёрдам ва маданият жамияти" билан биргаликда ташкил этилди.

Ўзбекистон дипломатлари анжуманнинг очилиш қисмидаги нутқида мамлакатимизда жадидлар хотирасини тиклаш ва уларнинг бой меросини келажак авлодга етказиш мақсадида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистонда жадидлар меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича муҳим фармон ва қарорлар қабул қилингани таъкидланди. 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август – мамлакатимиз Мустақиллиги байрами арафасида "Қатағон қурбонларини ёд этиш куни" сифатида кенг нишонлаб келинаётгани қайд этилди. "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. "Шаҳидлар хотираси" жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.

Туркия парламентнинг собиқ депутати, Туркиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири, Ахат Андижон нутқида Ўзбекистонда жадидлар меросини ўрганишга бўлган эътиборни юксак баҳолади.

Шунингдек, конференция давомида туркиялик ва ўзбекистонлик олимларнинг жадидчилик ҳаракатининг туркий дунё ва Ўзбекистон тарихи учун муҳим аҳамияти ҳақидаги батафсил маърузалари тингланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш