Анқарадан муносабат: ТДТ сунъий интеллект, интеграция ва рақамли ривожланиш йўналишини янада кенгайтирмоқда
Май 17, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 66
АНҚАРА, 17 май /“Дунё” АА/. Анқара инқирозлар ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) раҳбари, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг кўп томонлама ҳамкорлик учун муҳим платформа сифатида изчил мустаҳкамланиб бораётгани бутун дунё учун фойдали. Ушбу тузилма босқичма-босқич мазмунан бой, институционал жиҳатдан етук ва амалиётга йўналтирилган ҳамкорлик майдонига айланиб бормоқда.
Сўнгги йилларда ташкилот саммитлари декларатив баёнотлардан кўра кўпроқ аниқ ва амалий ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришга ўтгани билан ажралиб турибди. Бу ҳамкорлик иқтисодиёт, транспорт-логистика, рақамли трансформация ва инновациялар соҳаларини қамраб олмоқда.
2023 йил 16 март куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган фавқулодда саммит табиий офат – ҳалокатли зилзила оқибатларини бартараф этиш масалаларига бағишланиб, туркий давлатлар бирдамлиги ва инқироз шароитида сиёсий мувофиқлашувнинг ёрқин намунаси бўлди. Қабул қилинган қарорлар, жумладан Туркий инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши, ташкилотнинг институционал пойдеворини мустаҳкамлаб, иқтисодий интеграция салоҳиятини кенгайтирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Ҳатай вилоятида турар-жой лойиҳаларини амалга ошириши инсонпарварлик дипломатиясининг амалий намунаси сифатида баҳоланади.
Ўзбекистон ТДТ фаолиятига қўшилганидан буён интеграцион жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлиб келмоқда. 2019 йилдан бошлаб мамлакат ташкилот ишида расман иштирок этиб, 2019–2025 йиллар давомида Ўзбекистон томонидан юзлаб ташаббуслар илгари сурилгани унинг тизимли ва натижага йўналтирилган ёндашувини кўрсатади.
2022 йилда Самарқанд саммити якунларидан сўнг Ўзбекистон ТДТга раисликни бошлаган даврда ҳамкорликни комплекс дастурлар асосида режалаштириш амалиёти янада кучайтирилди. Бу эса ташкилот фаолиятини тизимли, башорат қилинадиган ва институционал жиҳатдан мустаҳкам шаклга олиб чиқди.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳам ижобий динамикани намоён этмоқда. 2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан товар айланмаси 10,8 миллиард АҚШ долларидан ошгани қайд этилмоқда. Асосий ҳамкорлар сифатида Қозоғистон ва Туркия алоҳида ўрин тутади.
2026 йил 15 май куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммити сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш масалаларига бағишланиб, конструктив ва ишчан муҳитда ўтди. Бу учрашув амалда туркий маконда янги технологик парадигма шаклланишининг муҳим босқичини белгилади.
Учрашув давомида рақамли трансформация, сунъий интеллект технологиялари ва умумий инновацион экотизимларни шакллантириш бўйича атрофлича фикр алмашилди. Шавкат Мирзиёев нутқида ТДТ доирасида узоқ муддатли технологик ҳамкорлик архитектурасини яратиш, давлатларнинг интеллектуал, илмий ва инфратузилмавий салоҳиятини бирлаштириш ғоясига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилган ташаббуслар туркий дунёнинг буюк илмий мероси билан боғлаб талқин этилди. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби алломалар мероси замонавий алгоритмлар ва математик ёндашувларнинг интеллектуал пойдевори сифатида эътироф этилди.
Сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини яратиш, “Рақамли туркий коридор” концепциясини ривожлантириш, минтақавий дата-центрларни бирлаштириш ҳамда булутли ва квант ҳисоблаш платформаларини шакллантириш бўйича ташаббуслар алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур саммит ТДТнинг амалий ҳамкорлик, стратегик мувофиқлашув ва минтақанинг узоқ муддатли ривожланишига йўналтирилган самарали халқаро платформа сифатидаги ўрни янада мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Варшавадан муносабат: ТДТ сунъий интеллект ва рақамли ривожланишга устувор аҳамият қаратмоқда

Душанбедан муносабат: Туркистон саммити ТДТ интеграциясида муҳим ташаббуслар майдони бўлди


