Мадриддан муносабат: ТДТда саммитида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда
Май 17, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 56
МАДРИД, 17 май. /“Дунё” АА/. Умум-Европа Иттифоқининг Испаниядаги президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Ўзбекистон етакчисининг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги нутқи узоқни кўра билиш, стратегик тафаккур ва бутун туркий макон келажаги учун юксак масъулият намунаси бўлди.
Бугун жаҳон тизими жиддий геосиёсий ўзгаришларни бошдан кечираётган бир шароитда, айнан Шавкат Мирзиёев каби давлат арбоблари халқаро майдонга қарама-қаршилик эмас, балки бунёдкорлик, технологик тараққиёт ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик кун тартибини таклиф этмоқда. Унинг нутқи юксак сиёсий тафаккур ва келажакни олдиндан англай билиш қобилиятини яққол намоён қилди.
Фикримча, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ишонч билан Евроосиёнинг инновацион ривожланиш марказларидан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида иқтисодий интеграция йўналишида эришилаётган натижалар диққатга сазовор. Бугун ТДТ давлатларининг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди, Ўзбекистоннинг аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаши эса рекорд даражада ўсмоқда. Бу эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган очиқ, прагматик ва истиқболга қаратилган сиёсатнинг амалий самарасини кўрсатади.
Ўзбекистон раҳбарининг туркий маконда ягона рақамли платформани шакллантириш, сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини яратиш, квант технологияларини ривожлантириш ҳамда “Рақамли туркий коридор” концепциясини илгари суриш бўйича ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга. Технологик тараққиёт шиддат билан кечаётган ҳозирги даврда айнан шундай ғоялар халқаро ҳамкорликнинг янги архитектурасини белгилаб бермоқда.
Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар ҳақида билдирилган фикрлар ҳам чуқур рамзий маъно касб этади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, айнан шу мутафаккирлар мероси замонавий илм-фан, алгоритмлар ва сунъий интеллект ривожининг интеллектуал пойдеворини яратган. Бугун Ўзбекистон маърифат ва илмий тараққиётнинг ана шу буюк анъаналарини муносиб давом эттирмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг ёш авлодни замонавий билим ва технологиялар асосида тарбиялашга қаратилган сиёсати ҳам юксак эътирофга лойиқ. “Беш миллион сунъий интеллект лидерлари” дастури шунчаки таълим ташаббуси эмас, балки бутун минтақа келажагига қаратилган стратегик сармоядир. Шунингдек, қўшма венчур жамғармасини ташкил этиш, иқлим мониторингини ривожлантириш, сунъий интеллектни экологик бошқарув тизимларига жорий қилиш ва Туркий киберхавфсизлик альянсини шакллантириш бўйича таклифлар ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг цивилизациялар мулоқоти, маданиятлараро ҳурмат ва барқарор тараққиёт тарафдори сифатидаги халқаро нуфузини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ҳамда туркий халқларнинг умумий тарихий меросини асраш ва тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслар маънавий яқинлик ва маданий ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳуқуқ профессори ва Испаниядаги Умум-Европа иттифоқи президенти сифатида мен Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотлар ва халқаро ташаббусларни юксак баҳолайман. Унинг сиёсатида миллий манфаатлар, технологик тараққиёт, маданий мерос ва келажак авлод олдидаги масъулият уйғунлашган.
Ишончим комилки, Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли туркий дунё келгусида ҳам барқарорлик, интеллектуал тараққиёт, иқтисодий фаровонлик ва юқори технологиялар макони сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Брюсселдан муносабат: Туркий давлатлар ташкилоти тобора геоиқтисодий кучга айланиб бормоқда

Бокудан муносабат: ТДТда Ўзбекистон ташаббуслари стратегик минтақавий ҳамкорликни янги даражага олиб чиқмоқда


