Logo

Бокудан муносабат: Ўзбекистон Президентнинг ТДТ норасмий саммитидаги ташаббуслари Транскаспий халқаро йўлаги бўйлаб юк ташиш ҳажмини оширишга, божхона ва чегара жараёнларини соддалаштиришга ёрдам беради

Май 25, 2025. 07:53 • 2 дақ

57
Бокудан муносабат: Ўзбекистон Президентнинг ТДТ норасмий саммитидаги ташаббуслари Транскаспий халқаро йўлаги бўйлаб юк ташиш ҳажмини оширишга, божхона ва чегара жараёнларини соддалаштиришга ёрдам беради

БОКУ, 25 май. /"Дунё" АА/. "Caspian Barrel" нефть тадқиқотлари маркази директори Ильхам Шабанов "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида сўзлаган нутқининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини баён қилди:

– Венгрия пойтахтида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Унинг фаолияти "Туркий нигоҳ –2040" концепцияси ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегиясига асосланади. Ушбу доктриналарнинг асосий мақсади институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, минтақавий алоқаларни кенгайтириш ва туркий дунёнинг глобал таъсирини кучайтиришдан иборат. Стратегик инфратузилмани, жумладан, Ўрта йўлак ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли каби муҳим лойиҳаларни ривожлантириш устувор йўналишлар қаторида.

Мен Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё минтақаларида транспорт ва логистика жараёнлари соҳасидаги эксперт сифатида ТДТ иштирокчиларининг барча давлат раҳбарларининг туркий давлатлар ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги тўғрисидаги баёнотларининг ўз вақтида ва долзарблигини алоҳида таъкидлайман.

Шундай қилиб, 2024 йилда Озарбайжон орқали Туркия ва Марказий Осиё давлатларидан юк ташиш ҳажми 11 миллион тоннани ташкил этди, бироқ фойдаланилмаётган захиралар мавжуд. Масалан, Ўрта йўлакнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлган Боку-Тбилиси-Карс темир йўли сармоя эвазига ўтказиш қобилиятини йилига 5 миллион тоннага етказди ва бу Марказий Осиё ҳамда Европа ўртасидаги юк ташишнинг чегараси эмас.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг мазкур йўналиш бўйлаб "ягона дарча" тизими ва "яшил" йўлакларни жорий этиш тўғрисидаги таклифини ўз вақтида илгари сурилди, деб ҳисоблайман. Чунки логистиканинг рақамли трансформацияси рақобатбардошликнинг асосий шартидир.

Шу мақсадда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Туркий давлатларнинг мультимодал транспорт ва логистика бўйича халқаро форумини ўтказиш режалаштирилган ва унда мен ҳам қатнашишга умид қиламан.

Бугунги кунда нафақат жисмоний инфратузилмага эга бўлиш, балки ундан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис туркий давлатларнинг мультимодал транспорт ва логистика бўйича бўлажак халқаро форумида Ўрта йўлакни рақамлаштириш ва ягона рақамли платформа яратишга катта аҳамият берилишини кутаман.

Умуман олганда, Ўзбекистон ҳар доим ТДТ саммитларида транспорт соҳасида қарорлар қабул қилиш ташаббускори сифатида иштирок этади. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёевнинг Будапештда бўлиб ўтган ТДТ норасмий саммитидаги ташаббуслари ҳам Транскаспий халқаро йўлаги бўйлаб юк ташиш ҳажмини оширишга, божхона ва чегара жараёнларини соддалаштиришга ёрдам беради, деб ишонаман. Бу эса ТДТга аъзо барча давлатлар манфаатларига жавоб беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш