Брюсселдан муносабат: Ўзбекистон ташаббуслари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш учун асос бўлиши мумкин
Июль 05, 2025. 07:37 • 2 дақ
• 70
БРЮССЕЛЬ, 5 июль. /"Дунё" АА/. Жаҳон божхона ташкилотининг Европа бўйича минтақавий ривожланиш менежери Дашкин Алиев "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2-4 июль кунилари Озарбайжонга буюрган давлат ташрифи ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

–Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитидаги иштироки минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилаётганини ифодаловчи муҳим воқеа бўлди.
Минтақавий ривожланиш ва халқаро ташкилотларга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик нуқтаи назаридан ушбу ташриф савдо, транспорт, логистика ва рақамли трансформация каби турли соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратди. Бу соҳалар Жаҳон божхона ташкилоти мақсадлари учун, айниқса, савдони осонлаштириш ва божхона бошқарувини модернизация қилиш нуқтаи назаридан бевосита аҳамият касб этади.
Давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказиш, шунингдек, олий даражадаги икки томонлама келишувларни имзолаш минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун туртки бўлиши мумкин. Бундай форматлар трансчегаравий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш учун зарур шарт-шароит яратади, бу эса ўсиб бораётган товар айирбошлаш ҳажми ва халқаро транспорт йўналишларини ривожлантириш шароитида айниқса муҳимдир.
Ўзбекистон Президентининг Боку шаҳрининг "Оқ шаҳар" мавзесидаги "Ўзбекистон" истироҳат боғига пойдевор қўйиш маросимида иштирок этгани, айниқса, эътиборга молик. Ушбу воқеа халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг мустаҳкамланиши рамзи бўлиб, бу барқарор давлатлараро ва институционал ҳамкорликнинг, жумладан, божхона соҳасида ҳам муҳим элемент бўлган ўзаро ишонч муҳитини яратишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хонкендида бўлиб ўтган ИҲТ саммитидаги нутқи, илгари сурган ташаббуслари алоҳида эътиборга лойиқ. Ташкилот доирасида мувофиқлаштириш ва самарадорликни оширишга қаратилган таклифлар минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш учун асос бўлиши мумкин. Жаҳон божхона ташкилотининг мамлакатларни савдо ва божхона ислоҳотида қўллаб-қувватлаш ваколати нуқтаи назаридан, ушбу ташаббуслар ҳам мавжуд ва янги ҳамкорлик дастурлари доирасида муҳокама қилиш учун қизиқиш уйғотади.
Ишончим комилки, ушбу ташриф ва умуман саммит натижалари шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшимча туртки беради ва ИҲТ маконида қўшма лойиҳаларни, жумладан рақамлаштириш, тартибларни ўзаро тан олиш ва Ўрта йўлакни ривожлантириш билан боғлиқ ташаббусларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари