Бельгиядан муносабат: Марказий Осиё билан тарихий ва маданий алоқаларга эга Болгария билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ЕИга стратегик дарвозани очади
Июнь 12, 2025. 10:15 • 3 дақ
• 65
БРЮССЕЛЬ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Европарламент депутатининг сиёсий маслаҳатчиси, Европа талаба демократлари халқаро котиби Иван Ботучаров (Бельгия) "Дунё" АА учун интервьюсида Болгария Президенти Румен Радевнинг Ўзбекистонга амалга оширган ташриф ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Болгария ва Ўзбекистон, кенгроқ маънода Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар динамикаси ўсишда давом этмоқда. Шу ҳафтада бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми, Ўзбекистон-Болгария бизнес-форуми, Болгария Президенти ташрифи чоғида икки томонлама шартномалар имзолангани каби тадбирлар ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганидан далолат бермоқда.
Борган сари яқинроқ бўлиб бораётган ушбу ҳамкорлик ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий муносабатларни чуқурлаштириш учун қимматли намуна ва катализатор бўлиб хизмат қилади.
Марказий Осиё билан тарихий ва маданий алоқаларга ҳамда муҳим геосиёсий мавқега эга Европа Иттифоқига аъзо давлат – Болгария билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ЕИ сари стратегик дарвозани очади.
Шундай қилиб, Болгария ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ЕИ билан кенгайган сиёсий, савдо-иқтисодий, одамлар ўртасидаги, фуқаролик ва маданий алмашинувларга йўл очиши мумкин, бу эса ҳар икки томон учун ҳам манфаат келтиради.
Яқинда 2025 йил апрель ойида Самарқандда Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия Президенти Урсула фон дер Ляйен ва Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари, бошқа юқори даражадаги расмийлар иштирокида бўлиб ўтган "Европа Иттифоқи – Марказий Осиё" саммити муносабатларимиз тарихидаги муҳим лаҳза бўлиб, бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга муҳим туртки бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ёш аҳолиси, табиий ресурслари ва минтақавий алоқалари тобора ортиб бораётган минтақангиз нафақат иқтисодий ва савдо ҳамкорлик, балки ижтимоий ва маданий алмашинув учун ҳам катта имкониятлар яратади.
ЕИ аллақачон Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий савдо ва сармоявий ҳамкор ҳисобланади, бироқ ўсиш салоҳияти катта. Савдони осонлаштириш, муайян бозорларга киришни яхшилаш ва стандартларни уйғунлаштириш иқтисодиётларимизни янада чуқурроқ интеграция қилиш имконини беради.
Европа Иттифоқининг "Глобал дарвоза" ташаббуси бу ерда савдо йўлларини кенгайтирувчи, логистикани яхшилайдиган ва тўсиқларни камайтирадиган инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш орқали муҳим роль ўйнаши мумкин. Шу билан бирга, узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун Марказий Осиёда кичик ҳамда ўрта корхоналарни ривожлантириш ва диверсификация қилишни рағбатлантириш зарур.
Боғликлик ҳам бизнинг ҳамкорлигимизнинг асоси бўлиши керак. Транспорт ва рақамли инфратузилмани такомиллаштириш орқали биз юқори сифатли транспорт йўлакларининг тўлиқ салоҳиятини очиб, бошқа, унчалик барқарор бўлмаган йўналишларга боғлиқликни камайтиришимиз мумкин. Биз Европа ва Осиё ўртасидаги хавфсиз, барқарор ва ишончли алоқадан манфаатдормиз.
"Яшил" ўтиш ҳам ҳамкорлик учун катта имкониятларни тақдим этади. Марказий Осиё сув танқислигидан тортиб иқлим ўзгариши таъсиригача бўлган экологик муаммоларга дуч келмоқда, бироқ у тоза энергия, айниқса қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун катта ресурсларга эга. ЕС технология трансфери, салоҳиятни ошириш ва қайта тикланадиган энергия инфратузилмасига сармоя киритиш орқали минтақани қўллаб-қувватлаши мумкин.
Бу соҳаларнинг барчаси бир-бирига боғланган. Стратегик ҳамкорлик деганда биз бир-икки йўналишни танламасдан, барча соҳаларда ҳар томонлама, мувозанатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликда иш олиб боришимизни англатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари