Logo

Берлиндан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Венгрияга ташрифи икки томонлама иқтисодий муносабатларда муҳим босқич бўлди

Май 24, 2025. 14:56 • 2 дақ

121
Берлиндан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Венгрияга ташрифи икки томонлама иқтисодий муносабатларда муҳим босқич бўлди

БЕРЛИН, 24 май. /"Дунё" АА/. Германия Иқтисодий ривожланиш ва ташқи савдо федерал ассоциацияси бошқарувчи директори Урс Ункауф "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19-21 май кунлари Венгрияга буюрган расмий ташрифи якунлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ташриф икки давлат ўртасидаги икки томонлама иқтисодий муносабатларда муҳим босқич бўлди, деб ҳисоблайман.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий алоқалар фаоллашди. Хусусан, Венгрия томонидан Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри сармоялар бунга ёрқин мисолдир. Қолаверса, икки томонлама муносабатлар Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) каби кўп томонлама форматдаги ҳамкорлик доирасида ҳам янада мустаҳкамланиб бораётганини кузатиб бормоқдамиз.

Венгриянинг "OTP Bank Group" банки томонидан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири сотиб олинди ва банк ўтган даврда мамлакатингиз молия бозорида барқарор ўрин эгаллагани муваффақиятли иқтисодий ҳамкорликдан дарак беради.

Яна бир муҳим қадам – Тошкент вилоятида ушбу мамлакатнинг "Inpark" оператори томонидан бошқариладиган махсус саноат зонасининг ташкил этилишидир. Ушбу зона Европа компаниялари, хусусан, венгер компаниялари учун жозибадор сармоявий шарт-шароитларни таклиф қилиш ва Ўзбекистонга технологиялар трансферини рағбатлантиришга қаратилгани билан муҳим.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. Қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш, тайёр маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, транспорт алоқалари, жумладан, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш каби режалаштирилган чора-тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон раҳбарининг Венгрияга ташрифи мавжуд иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириб, турли соҳалардаги ҳамкорликка янги туртки бўлди. Эришилган келишувлар ва режалаштирилган лойиҳалар ҳар икки давлат учун ҳам ижобий самаралар келтиради ва уларнинг минтақавий ва халқаро иқтисодий тузилмадаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш