Logo

Берлиндан муносабат: Бугунги кўп қутбли дунё тартибида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида шаклланган шериклик барқарор, кўп қиррали ва истиқболли ташқи сиёсат учун намуна сифатида намоён бўлмоқда

Июль 06, 2025. 11:22 • 2 дақ

62
Берлиндан муносабат: Бугунги кўп қутбли дунё тартибида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида шаклланган шериклик барқарор, кўп қиррали ва истиқболли ташқи сиёсат учун намуна сифатида намоён бўлмоқда

БЕРЛИН, 6 июль. /"Дунё" АА/. Германия Иқтисодий ривожланиш ва ташқи савдо федерал ассоциацияси бошқарувчи директори Урс Ункауф "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2-4 июль кунлари Озарбайжонга буюрган давлат ташрифи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

 – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга навбатдаги давлат ташрифи Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг юксак даражада фаоллашганидан далолат беради. Икки давлатни нафақат туркий илдизларга эга муштарак маданий ва тарихий мерос, балки мустаҳкам дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўз минтақаларида – Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда етакчи давлатлар сифатида шаклланди. Расмий Тошкент ва Боку ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари минтақавий барқарорлик, иқтисодий интеграциялашув ва геосиёсий диверсификацияга тобора катта ҳисса қўшмоқда. 2024 йилда имзоланган ва бугунги кунда 200дан ортиқ икки томонлама келишувларни ўз ичига оладиган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома шерикликни институционаллашган ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтармоқда.

Турли соҳалардаги иқтисодий ўзаро уйғунлашув қиймат яратиш ва келажак технологияларига прагматик эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Айниқса, Марказий Осиёдан Европага Ўрта йўлак орқали узоқ муддатли энергия транзитини йўлга қўйиш бўйича умумий мақсад алоҳида эътиборга моликдир – бу минтақанинг сарҳадларидан ташқаридаги аҳамиятга эга бўлган стратегик лойиҳа.

Бундан ташқари, логистика йўлаклари ва минтақалараро форумларнинг кенгайтирилиши Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг Осиё ва Европа ўртасидаги кўприк ролини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ушбу синергиялар бу ҳамкорликни нафақат икки томонлама, балки йирик трансминтақавий жараёнларнинг бир қисми сифатида тушуниш кераклигини кўрсатади.

Бугунги кўп қутбли дунё тартибида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида шаклланган шериклик барқарор, кўп қиррали ва истиқболли ташқи сиёсат учун намуна сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга галдаги ташрифи нафақат олий даражадаги дипломатик муҳим воқеа, балки мустаҳкамланиб бораётган мустақил минтақавий ҳамкорлик ва давлатларнинг ўсиб бораётган халқаро нуфузидан далолат беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш